Боку ва Москва ўртасида дипломатик можаро юзага келди

Озарбайжон ва Россия ўртасидаги кескинлик Екатеринбургда озарбайжон диаспораси вакилларининг оммавий ҳибсга олиниши ортидан кучаймоқда.

Шаҳар портали E1 ёзишича, 2025 йил 27 июнь куни 50 дан ортиқ киши қотилликда гумон қилиниб, полицияга олиб кетилган.

Жиноят 2001 йил май ойида содир бўлган. Ўшанда озарбайжон миллатига мансуб екатеринбурглик Юнис Пашаев Сафаров ака-укаларга тегишли «Каспий» кафеси ёнида пичоқлаб ўлдирилган. Улар аввал ҳам жиноятда гумон қилинган, аммо ўшанда уларни жавобгарликка тортишнинг имкони бўлмаган, гарчи нашрнинг таъкидлашича, ўлаётган одам уларни кўрсатишга улгурган.

Ҳусайн ва Зияддин Сафаровлар асосий гумонланувчига айландилар. Ҳибсга олиш пайтида иккала ака-ука ҳам юрак муаммолари туфайли вафот этди. Иш бўйича жами 15 киши, улар орасида Сафаров ака-укаларнинг тўққиз нафари бор.

Кейинроқ, 2025 йил 28 июнь куни Россиянинг Свердловск вилояти бўйича тергов бошқармаси минтақада «бир қатор қотилликлар ва қотилликка суиқасдларда гумон қилинаётган этник жиноий гуруҳ» фаолиятига чек қўйилганини маълум қилди.

Тергов версиясига кўра, этник жиноий гуруҳ таркибига кирган фигурантлар 2001, 2010, 2011 йилларда Екатеринбург шаҳри ҳудудида содир этилган бир қатор қотилликлар ва қотилликка суиқасдлар эпизодларига алоқадор.

E1 маълумотларига кўра, ҳибсга олинганлар 2011 йил май ойида шаҳар аҳолиси Феҳруз Ш.га, шунингдек, 2011 йил ёзида сабзавот омбори эгаси Икрам Хожиевга суиқасд уюштиришда ҳам гумон қилинмоқда.

Эҳтиёт чорасини танлаш бўйича суд мажлисида ҳибсга олинганлардан бирида жароҳатлар борлиги сезилган. Гувоҳ сифатида иштирок этаётган ҳибсга олинганларнинг жароҳатлари акс этган фотосуратларни Oxu.az нашри ҳам эълон қилди.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ФСБсининг Екатеринбургдаги озарбайжонликларнинг уйларига уюштирган рейдларидан хавотир билдирди.

«Биз Россия томонидан ушбу ишни зудлик билан тергов қилиш ва зўравонликнинг бундай йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатида айбдорларни қисқа муддатда жавобгарликка тортишни кутамиз», — дейилади ТИВ баёнотида.

Кейинроқ Озарбайжон ТИВ Россия Федерацияси элчихонасининг вақтинчалик ишончли вакили Пётр Волоховихни чақириб, унга «қатъий норозилик» билдирди.

Шунингдек, Озарбайжон Маданият вазирлиги Россия иштирокидаги барча маданий тадбирларни, жумладан, концертлар, фестиваллар, спектакллар, кўргазмаларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Азертадж агентлигига вазирликнинг маълум қилишича, бу «Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Россия Федерациясининг Екатеринбург вилояти ҳудудида озарбайжонликларга нисбатан этник мансублигига кўра қасддан ва судсиз қотилликлар ва зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани»ни ҳисобга олган ҳолда қилинган. Хабарда қайд этилишича, Россияда бундай ҳолатлар мунтазам тус олган.

2025 йил 30 июнь куни кундузи Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги «Sputnik Озарбайжон» ахборот агентлиги офисида операция ўтказаётгани маълум бўлди. Apa.az ёзишича, ушбу агентликда ишловчи Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)нинг икки ходими ҳибсга олинган.

Агентлик фаолияти 2025 йил февраль ойида мамлакат расмийлари томонидан расман тўхтатилган эди. Бироқ, нашрнинг таъкидлашича, таҳририят бу қарорни бажармаган.