Озарбайжон ва Арманистон бир-бирига ҳудудий даъволардан воз кечади

Озарбайжон ва Арманистон Ташқи ишлар вазирликлари ўзаро тинчлик битими матнини эълон қилди. Ҳужжат 17 банддан иборат бўлиб, икки давлат раҳбарлари имзолаганидан кейин кучга киради.

Ҳужжатда Озарбайжон ва Арманистоннинг халқаро чегаралари деб СССР давридаги давлат чегаралари ҳисобланиши айтилган. «Томонлар бир-бирларининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, халқаро чегаралари дахлсизлиги ва сиёсий мустақиллигини тан олади ва ҳурмат қилади», — дейилади битимда.

Битимда томонларнинг бир-бирига ҳудудий даъволари йўқлиги ва келгусида ҳам бўлмаслиги қайд этилган.

Бундан ташқари, томонлар бир-бирининг ички ишларига аралашмасликка ва ҳужжат имзоланганидан кейин дипломатик муносабатлар ўрнатишга ваъда берган.

Томонлар, шунингдек, ўз чегаралари бўйлаб учинчи давлатларнинг қуролли кучларини жойлаштирмасликка ва можаро давомида бедарак йўқолганлар ҳолатларини тергов қилишда ҳамкорлик қилишга ваъда беришган.

Келишув 2025 йил 8 август куни Вашингтонда Озарбайжон, Арманистон ва АҚШ раҳбарлари Илҳом Алиев, Никол Пашинян ва Дональд Трамп иштирокида Боку ва Ереван ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган эди.

Ҳужжат устида ишлар 2023 йил кузидан бери, яъни Боку Тоғли Қорабоғда ҳарбий операция ўтказганидан сўнг олиб борилган, натижада минтақа Озарбайжон томонининг тўлиқ назоратига қайтган эди.

2025 йил март ойида келишув лойиҳаси келишилган, аммо Озарбайжон уни имзолашдан олдин Арманистондан ўз конституциясини ўзгартиришни талаб қилмоқда, Боку фикрича, унда Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволар мавжуд.