
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сотувчилар томонидан истеъмолчиларга товарларни етказиб бериш муддати ўтганлиги учун пеня ундиришни назарда тутувчи қонунни имзолади. Ҳужжат 2025 йил 4 февраль куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 28 май куни Сенат томонидан маъқулланган.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга 12−1-модда (олди сотди шартномаси бўйича товарларни топшириш муддати ёки муддатларини бузиш) киритилмоқда.
Агар сотувчи шартномада кўрсатилган муддатда товарни топшириш мажбуриятини бажармаса, у истеъмолчига бажарилмаган мажбуриятнинг қийматидан кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги (дақиқа, соат, кун — шартномада кўрсатилганидек) учун 0,5% миқдорида неустойка (пеня) тўлайди. Бунда, неустойканинг умумий суммаси товарнинг ўз қийматидан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, олди-сотди шартномаси тузиш ва савдо қоидаларини белгилашда неустойка миқдори қонунда назарда тутилганидан (0,5%) кам бўлиши мумкин эмас.
Тузатишлар 3 ойдан кейин — тахминан ноябрь ойининг бошларида кучга киради.
Сенатда хабар қилинганидек, фақат 2024-йилнинг ўзида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига 30 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган, улардан 4213 таси товарларни етказиб бериш муддатларининг бузилиши (автомобиллар, маиший техника, тайёр овқат ва бошқалар) билан боғлиқ бўлган. Фақат автомобиллар олди-сотди шартномалари таҳлил қилинганда сотувчилар томонидан етказиб беришдаги кечикишларнинг 5332 та ҳолати аниқланган.
Амалдаги қонунчиликда юридик шахслар ўртасидаги шартномаларда товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктирилганлиги ёки тўлиқ етказиб берилмаганлиги учун бажарилмаган мажбуриятнинг 0,5% миқдорида пеня ундирилиши назарда тутилган. Бунда, пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар қийматининг 50% дан ошмаслиги керак.
Бундай жавобгарлик фақат юридик шахслар ўртасидаги шартномаларга нисбатан қўлланилган, лекин жисмоний шахслар иштирокидаги битимларга нисбатан қўлланилмаган.