
Юнусобод тумани жиноят ишлари бўйича суди банк хизматлари марказини ўқлашга уринган эркакка нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Миллий» телеканали хабар берди.
2025 йил 18 апрель куни соат 16:30 атрофида ниқобли номаълум шахс пистолетга ўхшаш буюм билан таҳдид қилиб, банк ходимидан пул беришни талаб қилган. Қўриқлаш бошқармаси ходимлари етиб келгач, у ойнани синдириб қочишга уринган, бироқ қўлга олинган.
«Ҳаётимда муаммолар пайдо бўлди. Ўша куни нима бўлганини билмайман. Мен аҳмоқлик қилдим. Ҳатто кирганимдаёқ нотўғри иш қилаётганимни тушундим. Қизлар [хавотирли] тугмани босишган, ходимлар етиб келиб, мени ушлашди. Нотўғри иш қилганимни тушуниб, ҳеч нарса олмадим ва кетдим. Мен қилган ишимдан афсусдаман», — деди айбланувчи.
«Пистолет» эркакнинг набирасининг ўйинчоғи бўлиб чиқди. Судда прокурор судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
Суд эркакни Жиноят кодексининг 164-моддаси 1-қисмида (босқинчилик, яъни ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўравонлик ишлатиш ёхуд шундай зўавонлик ишлатиш таҳдиди билан қилинган ҳужум) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топди. Унга умумий тартибли ахлоқ тузатиш колониясида 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.