Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 17/11/2025

ОТБ микро, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонга 300 млн доллар ажратади

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга 300 млн доллар миқдорида, шу жумладан, 100 млн доллар имтиёзли шартларда кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда молия ташкилоти матбуот хизмати хабар берди.

Маблағлар микро, кичик ва ўрта корхоналар (МКЎК), айниқса аёллар бошқарувидаги корхоналар учун молиялаштириш имкониятини кенгайтиришга ва микромолиялаштириш секторини мустаҳкамлашга йўналтирилиши режалаштирилган.

Дастурнинг мақсади – инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва тадбиркорликни ривожлантириш.

Хусусан, микрокредитларнинг максимал миқдорини ошириш, микромолиялаштириш соҳасидаги меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, аёл тадбиркорларни молиялаштириш бўйича халқаро кодексга қўшилиш, шунингдек, исломий микромолиялаштириш учун меъёрий базани ишлаб чиқиш режалаштирилган.

«Дастурнинг амалга оширилиши ўзини ўзи банд қилганлар ва микротадбиркорлар учун молиялаштириш имкониятини очади, гендер тенгликни илгари суришга ҳисса қўшади ва молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиради», – деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая.

Дастур молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва гендер тенгликни рағбатлантиришга қаратилган янги сиёсий чораларни жорий этади. Асосий ташаббуслар орасида масъулиятли кредитлаш бўйича йўриқномаларни янгилаш, «ҳозироқ сотиб ол – кейинроқ тўла» (бўлиб-бўлиб тўлаш) каби янги маҳсулотларни тартибга солиш ва рақамли назоратни кучайтириш мавжуд.

Шунингдек, молиялаштириш учун гендер квоталарини жорий этиш ва жинс бўйича ажратилган ҳисоботларни юритиш кўзда тутилган.

ОТБ маълумотларига кўра, Молиявий инклюзия миллий стратегияси (2021–2023 йиллар) бўйича ўтказилган баҳолаш аҳолини қамраб олиш даражаси ошганини кўрсатди: Ўзбекистоннинг 60% катта ёшли фуқаролари расмий молия институтларида ҳисобварақларга эга. Бу кўрсаткич рақамли молиявий хизматларнинг ривожланиши, банк маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятининг ошиши ва молиявий саводхонлик даражаси туфайли яхшиланди.

Дастурнинг яна бир йўналиши микромолиялаштириш секторининг таркибий ўзгаришидир. Хусусан, депозит микромолия банкларини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, бу аҳоли ва тадбиркорларнинг кредитлардан фойдаланиш имкониятини сезиларли даражада кенгайтиради.

Бунинг учун хатарларни бошқаришга йўналтирилган янги меъёрий ва назорат базаси жорий этилмоқда. ОТБ маълумотига кўра, бундай банкларни ташкил этиш учун иккита дастлабки лицензия аллақачон берилган.

Ўзбекистон 1995 йилда банкка аъзо бўлганидан бери ОТБ мамлакатга 14,6 млрд доллар миқдорида кредитлар, грантлар ва техник ёрдам ажратган.