
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Миланда бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг 58-йиллик йиғилиши доирасида сўзлаган нутқида Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, ДХШ лойиҳалари ва камбағалликни камайтириш режалари ҳақида гапириб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодий беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари танқислиги, камбағаллик ва экологик муаммолар дунёда тобора долзарб бўлиб бормоқда.
У Ўзбекистон сўнгги йилларда «кенг кўламли ислоҳотлар ва туб ўзгаришларни жадал суръатларда амалга ошираётгани»ни таъкидлади. «Биз иқтисодиётни либераллаштиришга ва халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз», — деди у.
Хўжаевнинг маълум қилишича, сўнгги йилларда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми икки баравар кўпайиб, биринчи марта 100 миллиард доллардан ошди. Унинг таъкидлашича, 4 йил ичида камбағаллик даражасини 23%дан 11%гача камайтиришга эришилди. «Жорий йилда биз уни 9%гача камайтиришни ва 2030 йилга келиб икки баравар қисқартиришни режалаштирмоқдамиз», — деди у.
Камбағалликка қарши кураш чоралари ҳақида гапирар экан, Хўжаев шундай деди: «Биз сифатли таълим ва тиббий хизматларга кенг эришишни, уй-жой шароитларини яхшилашни, ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашни ва энг чекка ҳудудларда инфратузилмани қуришни ўз ичига олган кўп қиррали камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширмоқдамиз».
У Нобель мукофоти лауреати Абхижит Банержининг Ўзбекистон маҳалла тизимини «ҳар бир муҳтож оилани камбағалликдан чиқаришга қодир ноёб рецепт» деб атаганидан иқтибос келтирди. «Биз илғор халқаро тажрибага асосланган ҳолда маҳалла даражасида камбағалликни камайтиришнинг ўзига хос моделини ишлаб чиқдик», — дея қўшимча қилди вице-премьер.
Хўжаев таълим соҳасидаги ютуқларни ҳам қайд этди: «Сўнгги 8 йил ичида мактабгача таълимга қамров 27%дан 74%гача ошди. Янги мактаблар қурилиши туфайли биз қўшимча 800 минг ўрин яратдик. Олий ўқув юртлари сони 200 дан ошди, олий таълимга қамров даражаси эса 9%дан 38%гача ўсди».
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг энергетика, сув, транспорт, IT ва бошқа инфратузилмаларни ривожлантиришга йиллик эҳтиёжи ЯИМнинг тахминан 10%ни (11,5 миллиард доллар) ташкил этади.
Унинг сўзларига кўра, Осиё тараққиёт банкини ўз ичига олган халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ушбу соҳаларга хусусий секторни фаол жалб қилмоқда.
«Биз 2030 йилга қадар 30 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли дастур қабул қилдик. Кейинги 5 йил ичида электр энергияси, сув ва газ тақсимлаш тармоқларини бошқариш хусусий операторларга ўтказилади. Қолаверса, биз ҳар йили 100 минг хонадонга мўлжалланган уйлар қурмоқдамиз», — деди у.
Вице-премьернинг сўзларига кўра, «барча ушбу мақсадларга эришишда ОТБнинг роли ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлади».
«Биз ОТБ билан стратегик шериклигимизни юқори қадрлаймиз, унинг молиявий қўллаб-қувватлаши, сиёсий экспертизаси ва техник ёрдами ислоҳотларни тезлаштириш, инклюзив ва барқарор ривожланишни илгари суриш ҳамда хусусий секторга асосланган ўсиш салоҳиятини очишда муҳим роль ўйнайди», — таъкидлади у.
Хўжаевнинг маълум қилишича, ҳозирги вақтда ОТБ билан инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва барқарор ривожланиш соҳаларида 4,4 миллиард долларлик 33 та лойиҳа амалга оширилмоқда. У, шунингдек, 2024 йилдан бошлаб ОТБ минтақада «Ўзбекистон — 2030» ривожланиш стратегиясига мувофиқ ҳамкорликни йўлга қўйиб, фаолиятини жадаллаштирганини қайд этди.
Нутқи якунида Хўжаев йиғилиш иштирокчиларини 2026 йилнинг 3-7 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишига таклиф қилди.