
Тошкент 2029 йилда IV Осиё ёшлар ўйинларига мезбонлик қилади. Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроқўмининг бу ҳақдаги қарори Баҳрайнда бўлиб ўтган III Осиё ёшлар ўйинларининг ёпилиш маросимида эълон қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси.
Маросимда Осиё Олимпия кенгаши байроғи МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаровга топширилди, у бўлажак ўйинларнинг рамзий мезбони сифатида Ўзбекистон номидан тадбирда иштирок этди. Ёпилиш маросимида, шунингдек, спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова ва бошқа расмий шахслар ҳам қатнашди.
Ўзбекистон вакиллари Баҳрайндаги ўйинларда 37 та олтин, 16 та кумуш ва 28 та бронза медални қўлга киритди. Бу уларга Хитойдан кейин умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашни таъминлади. Маълумот учун: I Осиё ёшлар ўйинларида Ўзбекистон делегацияси учта «бронза» билан, II ўйинларда эса битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медаль билан чекланган эди.
Ўзбекистондан спортнинг 20 тури бўйича 183 нафар спортчи иштирок этди. Умуман олганда, ўйинларда қитъанинг 45 та мамлакатидан 4000 дан ортиқ ёш спортчилар қатнашди.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги Осиё ёшлар ўйинларига Тошкент мезбонлик қилиши керак эди. ООК бундай қарорни 2019 йил сентябрда Доҳада маъқуллаган. Уларни ўтказиш учун пойтахтда Олимпия шаҳарчаси қурилиши бошланган (президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил ноябрда унинг пойдеворига илк тошни қўйган).
2024 йил декабрда Ўзбекистон МОҚ ООКга 2025 йил сентябрга режалаштирилган ўйинларни Олимпия шаҳарчаси объектлари тайёр эмаслиги сабабли ўтказа олмаслиги ҳақида хабар берган мактуб юборгани маълум бўлди. МОҚ мамлакат пандемиядан кейинги даврдаги чекловлар ва кечикишлар туфайли ўйинларни бир йилга қолдиришни сўраганини билдирди. ООК қолдиришга рози бўлмади ва ўйинларни ўтказиш ҳуқуқини Баҳрайнга берди.

