Рақобатни ривожлантириш қўмитаси кредит карталари орқали тўловлардаги комиссиялар бўйича шикоятлар сабаб Марказий банкка сўров юборди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси кредит карталари билан операцияларда мижозлар ҳуқуқлари бузилаётгани юзасидан Ўзбекистон Марказий банкига сўров юборди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

«Бир қатор ҳолларда давлат ва нодавлат тижорат банклари кредит карталаридан фойдаланилганда коммунал хизматлар, таълим, тиббий ва суғурта хизматлари, шунингдек, солиқлар учун тўловларни нақд пул ечиб олишга тенглаштириб, бунинг учун фоизлар ва комиссиялар ундирмоқда. Бу эса аҳолининг асосли шикоятларига сабаб бўлмоқда», — дея тушунтирди қўмита сўровнинг моҳиятини.

Монополияга қарши курашиш идорасининг Марказий банкка юборган сўрови қуйидаги таклифларни ўз ичига олади:

  • Банклар фаолиятини ўрганиш ва кредит карталари билан операциялар бўйича фоизларни ҳисоблаш шартларини қайта кўриб чиқиш;
  • Банклар фаолиятини истеъмолчилар манфаатларига мослаштириш ва ноқонуний ундирилган комиссия ва хизмат тўловларини қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўриш.

Масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича қўшимча маълумот кейинроқ тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 майдан бошлаб бенефициари бюджет ва корпоратив буюртмачилар бўлган тўловлар бўйича тўлов хизматлари учун комиссия тўловлари (йиғимлар) тўловчи — жисмоний шахсдан эмас, балки тўлов суммасидан чегириб олиш орқали, тўлов шаклидан қатъи назар ундирилади.