Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи қарийб 6 млн сўмга, Тошкентда эса 10 млн сўмдан ошди

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 5,98 млн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2%га кўп, дея хабар берди Статистика қўмитаси.

Номинал ҳисобланган иш ҳақи — бу ёлланма ишчининг маълум бир давр (соат, ой, йил) учун бажарган иши ёки кўрсатган хизмати учун иш берувчи томонидан ҳисобланган, таркибига солиқлар ва бошқа тўловлар (қўшимча тўловлар, мукофотлар, компенсациялар, ортиқча ишлаган вақт учун тўловлар) киритилган, пул шаклидаги жисмоний шахсларнинг даромадларидир.

Йилдан-йилга инфляцияни (8,7%) ҳисобга олган ҳолда, иш ҳақининг реал ўсиш суръатлари 8,5%ни ташкил этди. Таққослаш учун: 2024 йилнинг биринчи ярмида номинал иш ҳақи 17,7%га (инфляция 10,6% бўлганда), 2023 йилда 22,1%га (9%), 2022 йилда 19,6%га (12,2%) ўсган.

Энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкентда қайд этилган бўлиб, у бир йил ичида 8,45 млн сўмдан 10,1 млн сўмгача ошган. Йиллик ифодада у 18,8%га ўсган (2024 йил январь-июнь ойларидаги 20,2%га қарши).

Номинал ўртача иш ҳақи бўйича охирги ўринни Қашқадарё вилояти эгаллаган — 4,25 млн сўм (ўсиш 16,1%га қарши 13,6%).

Иш ҳақи ўсишининг энг юқори суръати санъат, кўнгилочар ва дам олиш соҳасида — 20,7%, таълимда — 18,3%, ахборот ва алоқа соҳасида — 17%, транспорт-логистика соҳасида — 16%, саноатда — 15,4% қайд этилган.

Энг юқори ўртача иш ҳақи ҳамон молия секторида (банк, суғурта, лизинг, кредит-воситачилик фаолияти: 16,25 млн сўм (+13,9%)). Ундан кейин IT ва алоқа — 14,79 млн сўм.

Ўсиш суръати паст бўлган соҳалар жойлаштириш ва овқатлантириш хизматлари (+4,5%) ҳамда қурилиш (+6,1%) бўлди.

Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи соғлиқни сақлаш соҳасида қолмоқда — 3,7 млн сўмгача ўсган (+12,4%га қарши 14,6%) ва таълимда — 4,14 млн сўмгача (+18,1%га қарши 15%).

Ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўсиш суръатлари тезлашди, узоқ йиллар давомида биринчи марта республика ўртача даражасидан (17,2%) юқори бўлди, аммо шифокорларники кескин секинлашди.

Тармоқлар бўйича иш ҳақи

Саноат:

  • Қазиб олиш — 9,72 млн
  • Электр таъминоти — 8,69 млн
  • Ишлаб чиқариш — 6,87 млн
  • Сув таъминоти ва чиқиндиларни қайта ишлаш — 4,61 млн

Савдо:

  • Автомобиль соҳаси ва таъмирлаш — 8,68 млн
  • Улгуржи савдо — 7,09 млн
  • Чакана савдо — 6,12 млн

Транспорт ва логистика:

  • Омборхона хўжалиги — 10,43 млн
  • Қуруқлик ва қувур транспорти — 7,6 млн
  • Почта ва курьерлар — 4,25 млн

IT ва алоқа:

  • Дастурлаш ва консалтинг — 19,41 млн
  • Ахборот хизматлари — 18,47 млн
  • Алоқа — 11,67 млн

Молия сектори:

  • Мажбурий суғурта ва пенсиялар — 19,63 млн
  • Молиявий хизматлар ва суғурта — 19,52 млн
  • Бошқа молиявий хизматлар — 15,9 млн

Таълим:

  • Олий — 9,57 млн
  • Техник таълим — 4,2 млн
  • Ўрта — 4,08 млн
  • Мактабгача — 2,2 млн