
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил 30 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бюджетга йилнинг иккинчи ярмида ўзгартиришлар киритиш амалиёти такрорланиб келаётганини «бюджет жараёнининг ўзига хос хусусиятлари» ва молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш зарурати билан изоҳлади.
Давлат бюджетига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига йил охирида киритилади, сўнгра аллақачон сарфланган маблағлар тасдиқланади, яъни «орқа сана билан қонунийлаштирилади». Давлат харажатларини сезиларли даражада оширишни (3,4 млрд долларга) кўзда тутувчи 2025 йилги давлат бюджетига ўзгартиришлар декабрь ойида депутатлар томонидан очиқ муҳокамаларсиз маъқулланган эди.
2024 йилда давлат бюджетига ўзгартиришларни кўриб чиқиш Қонунчилик палатасида 9 дақиқа вақт олди (2023 йилда — тахминан 20 дақиқа, 2022 йилда — 30 дақиқа). Депутатлар (ўша пайтдаги янги чақириқ) ҳужжатни ҳеч қандай муҳокама ва саволларсиз бирданига учта ўқишда қабул қилишди. Аввалги йилларда парламент аъзолари шу каби ташаббусларни кўриб чиқишда айрим саволларни кўтаришган, бироқ ўзгартиришлар ноябрь ёки декабрь ойларида қабул қилинган.
Мисол учун: Қозоғистонда 2024 йилда ҳукумат бюджет параметрларини 10 марта аниқлаштирган ва ҳар сафар ўзгартиришлар парламент томонидан депутатларга режалаштирилган харажатлар бўйича тушунтиришлар берилган ҳолда кўриб чиқилган.
«Ўтган йил бошида бюджет тасдиқланганидан кейин, декабрь ойида парламент харажатларни ошириш масаласини яна кўриб чиқди. Бир неча йилдан бери харажатларни ошириш бўйича лойиҳа парламентга улар ошиб кетганидан кейин киритилиши ҳақида танқидлар янграмоқда. Бу вазият бир неча йилдан бери такрорланишининг фундаментал сабаблари нимада ва буни қандай тузатиш мумкин?» — деб сўради «Газета» журналисти.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Шерзод Муҳамедов қўшимча харажатлар фақат тақчиллик бўйича чекловларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши мумкинлигини тушунтирди.
«Харажатларни ошириш ва бюджет тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича биринчи саволингизга келсак. Бу жараён қандай кечади? Масалан, давлат бюджетидан қўшимча харажатлар фақат бюджет тақчиллигини оширмасдан амалга оширилиши мумкин — тегишли чекловлар мавжуд», — деди.
Унинг сўзларига кўра, қўшимча харажатларни амалга оширишдан олдин, биринчи навбатда, уларни молиялаштириш манбалари белгиланади.
«Кўп ҳолларда айнан шу сабабдан бундай харажатларни амалга ошириш йилнинг иккинчи ярми охиригача сурилади», — деб таъкидлади вазирлик вакили.
У йил давомида Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари доирасида идоралар ва йўналишлар ўртасида маблағларни қайта тақсимлаш мумкинлигини қўшимча қилди.
«Йил давомида Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари доирасида маблағлар қайта тақсимланиши мумкин — масалан, бир вазирликдан бошқасига ёки бир йўналишдан иккинчисига», — деди Шерзод Муҳамедов.
Унинг сўзларига кўра, асосий қўшимча даромад манбалари йилнинг иккинчи ярмига яқинроқ маълум бўлади.
«Масалан, маълум ҳолатлар туфайли ёки юқорироқ иқтисодий ўсиш ҳисобига даромадлар кўпроқ ҳажмда тушиши мумкин. Ва фақат шуни ҳисобга олган ҳолда қўшимча харажатларни амалга ошириш бўйича ишлар бошланади», — дея тушунтирди.
Кейин қонун лойиҳаси тайёрланади, келишиш жараёнидан ўтади ва ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
«Айнан молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш жараёни муддатларнинг чўзилишига олиб келади», — дея таъкидлади департамент директори.
У механизмни такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилаётганини, бироқ ҳозирча аниқ қарорлар йўқлигини маълум қилди.
«Ушбу механизмни тузатиш бўйича режалар ва таклифлар бор — масалан, қўшимча манбаларни аниқлаш ва киритиш бўйича. Аммо айни дамда аниқ бир таклифни айта олмайман. Бу йил айнан шундай бўлади ёки қўшимча харажатлар бўлмайди ёки қонун маълум бир муддатда қабул қилинади, деб айтиш ҳозирча имконсиз», — деди.
Шерзод Муҳамедовнинг сўзларига кўра, бундай амалиёт бюджет жараёнининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ.
Ўзгартиришлар киритишнинг кечиктирилиши билан боғлиқ бундай амалиётни собиқ депутат Дониёр Ғаниев танқид қилган эди.
Бюджет кодекси
Бюджет кодексининг 145 ва 149-моддалари бюджет маблағларини қайта тақсимлаш тартибини, жумладан, бундай ўзгартиришлар Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилишини ва Ҳисоб палатаси хулосасини талаб қиладиган ҳолатларни аллақачон тартибга солади.
Қайта тақсимлаш суммаси қанчалик катта бўлса, келишиш даражаси шунчалик юқори бўлади. Агар маблағлар бир идорадан бошқасига улар бюджетининг 10 фоизи ва ундан ортиқ миқдорида ўтказилса, Ҳисоб палатасининг хулосаси асосида парламент (Олий Мажлис) палаталарининг қонун шаклидаги қарори талаб қилинади.
Агар ўзгартиришлар 10 фоиздан кам бўлса, қарор Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилиниши мумкин.
Иккинчи даражали тақсимловчилар ўртасидаги ўзгаришлар ҳам қатъий регламентланган. Гап вазирлик ёки идоранинг бевосита давлат бюджетидан маблағ олмайдиган, балки маблағларни ўз «асосий» тақсимловчиси орқали бошқарадиган қуйи тузилмалари ҳақида бормоқда.
Бу ҳолатларда 10 фоиз ва ундан юқори бўлган суммалар Вазирлар Маҳкамаси билан, 10 фоиздан паст бўлганлари эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилади.