
Янги ташкил этилаётган ўқув марказлари уюшмасига 2026 йилда 100 млн доллар жалб этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 27 февраль куни Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, маблағлар ўқув марказлари очиш истагида бўлган тадбиркорларга имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва бино ижара ҳақини қоплаб бериш кўринишида йўналтирилади.
Давлат раҳбари аввалроқ Жарқўрғонда 8000 дан ортиқ ёшларни тайёрлаган ўқув марказларидан бирининг фаолияти билан танишганини эслатиб ўтди. Мамлакат аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олиб, бу каби таълим муассасаларини фаол ривожлантириш таклиф этилди.
Шавкат Мирзиёев 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида ёш тадбиркорларнинг Ўқув марказлари уюшмасини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган эди. Ушбу бирлашма аъзоларига биноларни ижарага берувчи бизнес вакиллари ижарадан олинган даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилинади.
Бундай марказлар ўқитувчиларини Ёшлар ишлари агентлиги маблағлари ҳисобидан АҚШ, Буюк Британия, Сингапур, Япония ва бошқа мамлакатларнинг етакчи таълим муассасаларига стажировкага юбориш таклиф этилмоқда.
Таълим соҳаси бўйича эксперт Комил Жалилов Ўқув марказлари уюшмасини ташкил этиш ташаббусини «хавотирли сигнал» деб атади. Унинг фикрича, давлатнинг ушбу соҳага аралашуви рақобат ва таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.