
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-сонли мактаб директори ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларнинг таъмирлаш ишларида иштирок этаётгани акс этган видео тарқалганидан сўнг лавозимидан озод этилди.
Ҳудуд Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотларига кўра, ролик 2 август куни тасвирга олинган ва унда ҳақиқатан ҳам бир гуруҳ ўқитувчилар иштирокида ҳашар ўтказилгани акс этган.
«Мактаб жамоаси суҳбат чоғида ишлар ихтиёрий равишда амалга оширилганини таъкидлаган. Шундай бўлса-да, мактаб директори З. М. тегишли назоратни таъминламагани ва ўқитувчиларга лавозим вазифаларига кирмайдиган ишларни бажаришга йўл қўйгани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дейилади хабарда.
Бироқ, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда, директор ўз ваколатини оширгани, ўқитувчиларга ўқув соатларини қисқартириш билан таҳдид қилиб, уларни таъмирлаш ишларида мажбурий иштирок этишга ундагани аниқланди.
Натижада З. М.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисми (маъмурий мажбурий меҳнат) билан 100 баҳовий ҳисоблаш миқдорида (41,2 млн сўм) жарима солинди.
Марҳамат туманидаги «Янги ҳаёт» маҳалласида жойлашган 42-сонли мактаб 1982 йилда қурилган ва 2005 йилда капитал таъмирланган. 2023 йилда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 1,2 млрд сўм эвазига мактабда дераза ва эшиклар алмаштирилган. 2024 йилда яна 1,3 млрд сўм маблағ жалб этилиб, спорт майдончаси қурилган ва мактаб фасади янгиланган.
Ҳозирда мактабда 1236 нафар ўқувчи таҳсил олади, уларга 74 нафар ўқитувчи дарс беради.