Ўқитувчилар аттестация натижалари сабабли Таълим вазирлигини судга берди

2025 йил 12 август куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судида ўқитувчиларнинг Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарши шикоятини кўриб чиқиш бошланди.

Мамлакатнинг турли мактабларида она тили ва адабиёт фанидан дарс берадиган 5 нафар ўқитувчи 2025 йил апрель-май ойларида вазирлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказини судга берди. Улар малака тоифасини бериш бўйича ўтказилган педагоглар аттестацияси натижаларини ноқонуний деб ҳисоблашмоқда.

Даъво аризасида ўқитувчилар аттестация имтиҳонларини такроран ўтказиш ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилишган.

Биринчи инстанцияда ишни судья Гули Шукруллаева кўриб чиқмоқда. Вазирлик юристи судьядан «Газета» мухбири жараённи фақат тингловчи сифатида, фото ва аудио ёзувларсиз ёритишини сўради.

Мажлисда даъвогарлар адвокати Назиржон Ҳотамжонов ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакилининг кўрсатмалари тингланди.

Иш бўйича ҳужжатлар етишмаслиги сабабли суд 26 августгача танаффус эълон қилди.

Контекст

Аттестация педагогларнинг билим даражаси ва касбий стандартларга мувофиқлигини текшириш учун ўтказилади. Унинг натижаларига кўра, ўқитувчилар олий, биринчи ёки иккинчи малака тоифасини олиши мумкин. Ушбу тоифа 5 йилгача амал қилади ва иш ҳақига таъсир кўрсатади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Сардор Раҳимбоев ҳар 5 йилда бир марта ўтказиладиган мажбурий аттестациядан ташқари, педагоглар йилига 2 марта ўтказиладиган навбатдан ташқари аттестацияда ихтиёрий равишда иштирок этиши мумкинлигини тушунтирди. Имтиҳон пуллик, лекин тоифани пасайтириш хавфи йўқ: муваффақиятли топширилганда, тоифа ошади, акс ҳолда, ўзгармайди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йил баҳорида қарийб 190 минг нафар ўқитувчи иштирок этиш учун ариза топширган, шундан 177,6 минг нафари (95%) тест синовидан ўтган. 73 мингдан ортиқ педагог ижобий натижа кўрсатган, жумладан, 5000 дан ортиқ киши 86 ва ундан юқори балл тўплаган, бу нафақат тоифани ошириш, балки иш ҳақига 70% устама олиш имконини беради.

Даъвогарлар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра қониқарсиз баҳо олганликларини иддао қилмоқдалар. Даъво аризасида 9 та баҳсли ҳолат санаб ўтилган. Асосий шикоятлар тестларнинг қийинлик даражаси ажратилган вақтга мос келмаслиги, шунингдек, ҳаққонийлик ва тестология қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ.

Ўқитувчилар очиқлик тамойили бузилганлигини айтишмоқда: уларга қайси жавоблар тўғри ёки хато эканлиги маълум қилинмаган. Уларнинг сўзларига кўра, икки сменали имтиҳон тизимида ҳар бир иштирокчига тестдан сўнг дарҳол ўз натижаларини кўрсатиш техник жиҳатдан мумкин, аммо бу амалга оширилмаган. Шунингдек, даъво аризасида имтиҳонларнинг моддий-техник базаси талабларга жавоб бермаслиги ҳам қайд этилган.

«Имтиҳон вақтида компьютер қурилмаларида техник носозликлар кузатилди: уларнинг бир қисми ишламай қолди, натижада имтиҳон номаълум муддатга тўхтатилди (шу сабабли имтиҳон топширувчилар бир неча соат давомида дим хоналарда қолиб кетдилар — таҳр.). Бундан ташқари, қурилма қайта ишга тушганидан сўнг, илгари белгиланган жавоблар ўзгариб кетган ҳолатлар қайд этилди. Компьютер экранининг «қотиб қолиши» ёки дастурнинг тўхтаб қолиши каби муаммолар мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги кўплаб иштирокчиларда ҳам кузатилди, бу муаммо умуммиллий характерга эга эканлигини кўрсатади… Бу педагог ходимларнинг ҳуқуқларига зиддир», — дейилади 5 нафар педагогнинг шикоятида.

Бундан ташқари, даъвогарларнинг таъкидлашича, саволларнинг қийинлик даражаси ажратилган вақтга мос келмаган. Баъзи вазифалар 3-4 қисмдан иборат бўлиб, алоҳида саволларга жавоб бериш учун 5-6 дақиқа вақт керак бўлган, бу эса юқори балл олиш имкониятини сезиларли даражада камайтирган.

Ўқитувчилар натижаларнинг адолатлилигига ҳам шубҳа билдиришди: уларнинг кузатувларига кўра, биринчи смена иштирокчилари иккинчи сменада имтиҳон топширганларга қараганда сезиларли даражада пастроқ балл олган. Ижтимоий тармоқларда тест саволларининг намуналари биринчи смена бошланишидан олдин ёки дарҳол ундан кейин интернетда тарқалиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Уларнинг сўзларига кўра, жараён қоидабузарликлар билан ташкил этилган ва унинг мақсади «ўқитувчиларни атайлаб йиқитиш» бўлгандек таассурот қолдирган.

Ўқитувчилар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини такрорий аттестация ўтказишга мажбур қилиш ва етказилган маънавий зарар учун товон ундиришни талаб қилмоқда. Шунингдек, улар жараённинг очиқ ва ошкора ўтишини талаб қилишмоқда.