
“Очиқ бюджет” порталида “Ташаббусли буджет” лойиҳасининг 2025 йилги 2-мавсуми ғолиблари маълум қилинди. Овоз бериш жараёнларида мамлакатимиз бўйлаб жами 11 миллиондан ортиқ фуқаро иштирок этди.
Ушбу мавсум якунларига кўра, умумий қиймати 3,2 триллион сўм бўлган 2332 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Бу маблағлар фуқаролар ташаббуси билан таклиф этилган лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Лойиҳа доирасида аҳоли ўз ҳудудларидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар киритиб, уларни амалга ошириш учун овоз беради. Бу жараён давлат буджети маблағларини фуқароларнинг бевосита иштирокида адолатли тақсимлаш имконини беради.
Ғолиб лойиҳалар рўйхати расмий сайтда келтирилган.

