Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/02/2026

Омбудсман офиси фуқаролар фойдасига 11,8 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига кўмаклашди

2025 йилда Феруза Эшматова раҳбарлигидаги Омбудсман офисига 26 372 та мурожаат келиб тушди, уларнинг энг кўпи Қашқадарё вилояти (4159), Тошкент шаҳри (3599) ва Сурхондарё вилояти (2769) ҳиссасига тўғри келди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг парламент Қонунчилик палатасидаги нутқида сўз борди.

Аҳолининг ҳар 100 минг нафарига тақсимланганда энг кўп мурожаатлар пойтахт (115), Қашқадарё (114) ва Жиззах вилояти (86) ҳиссасига тўғри келган бўлса, энг кам кўрсаткич Андижон (29) ва Фарғона (30) вилоятларида қайд этилди, деб аниқлик киритди Омбудсман матбуот хизмати.

Таққослаш учун: ўтган йили жами 23 422 та мурожаат қабул қилинган эди. Уларни нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки бошқа давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва юридик шахслар ҳам йўлламоқда.

Йил давомида Омбудсман офиси инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчилик бузилгани учун давлат органлари ва идораларига нисбатан 194 та таъсир чорасини қўллади.

2025 йилда тақдимнома, хулоса ва даъво аризаларидан ташқари, огоҳлантириш ва талабнома каби янги таъсир шаклларидан ҳам фойдаланилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича Омбудсман офиси фуқаролар фойдасига 11,8 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига кўмаклашди. Шундан 2,7 млрд сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар, 3,9 млрд сўмдан ортиғи эса бузилган уй-жойлар учун фуқароларга тўланган компенсациялар.

Мурожаатларда кўрсатилган инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича давлат ташкилотларининг 118 нафар мансабдор шахси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилди.

Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 954 та мониторинг ташрифини амалга оширди. Уларнинг тавсиялари асосида ёпиқ муассасаларда сақлаш шароитларини яхшилаш учун 8,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Россия омбудсман билан имзоланган «йўл харитаси» доирасида ўтган йили Россиядаги ўзбекистонлик талабаларга нисбатан қўлланган 31 та маъмурий жазо бекор қилинди. Бунинг шарофати билан улар ушбу мамлакатдан чиқариб юборилишдан сақланиб қолди.

Шунингдек, РФ, АҚШ, Германия, Польша, Австрия, Озарбайжон, Туркия, Италия ва Малайзияда вақтинча яшаётган ўзбекистонликларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида бир қатор учрашувлар ўтказилди.