
Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) минтақавий вакили Навоий вилоятидаги 5-сонли колонияга мониторинг ташрифини амалга оширди. Ушбу муассасада диний арбоб, Azon New Media асосчиси, Мубашшир Аҳмад сифатида танилган Алишер Турсунов сақланмоқда, деб хабар берди омбудсман матбуот хизмати.
Аввалроқ унинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ Алишер Турсуновнинг кўп йиллардан буён инсулинга боғлиқ бўлган иккинчи турдаги диабет, артроз, стенокардия билан курашиб келаётгани ва қамоқда сақланиши мумкин эмаслигини маълум қилган эди. Адвокатнинг сўровига кўра колониядан олинган хатда касалликлар мавжудлиги тасдиқланган ва маҳкум ноябрь ойи давомида уч марта — 5-6, 10-14 ва 24-30 ноябрь кунлари амбулатор даволангани айтилган. Бироқ 2025 йил 26 декабрь куни адвокат билан учрашувда Турсунов фақат тиббий кўрикдан ўтганини, ҳеч қандай даво ёки дори олмаганлигини билдирган. Абдуллоҳ Содиқнинг таъкидлашича, колония маъмурияти Турсуновнинг саломатлиги «критик» ҳолатда эканини била туриб, уни Қизилтепа туманидаги ғишт заводида совуқда 16 соатдан ишлашга юбормоқда.
Омбудсман офисининг хабарида айтилишича, вакил маҳкум билан учрашган ва тиббий ҳужжатлар билан танишган. «Алишер Турсунов муассасада кўрсатилаётган тиббий ёрдамга эътирози йўқлигини, мунтазам равишда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини, мавжуд касалликлари туфайли соғлиғида баъзи ўзгаришлар борлигини ва зарур тиббий ёрдам олаётганини таъкидлади», дейилади хабарда.
Омбудсман офиси Турсунов ўз хоҳиши билан муассаса ошхонасида ишлаётганини, қўшимча иш вақтига жалб этилмаётганини ва иш шароитлари меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мос келишини қайд этди.
«У озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароитларига эътироз билдирмади. Унинг сўзларига кўра, овқатланиш белгиланган нормаларга мувофиқ ва соғлиғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда таъминланмоқда. Юзма-юз суҳбат давомида Алишер Турсунов бирор-бир масала бўйича мурожаат қилмади», деб хабар берди омбудсман офиси. Шунингдек, маҳкум вакилнинг ноябрь ва декабрь ойларидаги ташрифлари чоғида ҳам мурожаатлар бермагани қўшимча қилинди.
Алишер Турсунов 2025 йил октябрь ойида 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У Жиноят кодексининг учта моддаси, жумладан, диний адоват қўзғатиш ва диний материалларни ноқонуний тарқатиш бўйича айбдор деб топилган.
2023 йил охирида Турсунов Истанбулда қўлга олиниб, депортация марказига жойлаштирилган эди. 2024 йил февралида у озод қилинди. Ўшанда Ўзбекистон ИИВ Турсуновни қидирувга бергани маълум бўлганди. Май ойида у яна қўлга олинди ва Ўзбекистонга депортация қилинди.

