
Бухоро вилоятида фирибгарликда гумон қилинаётган Сирдарё вилоятида туғилган 1973 йилги тадбиркор қўлга олинди, дея хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Тергов маълумотларига кўра, у Шофиркон туманида яшовчи фуқарога танишлари орқали Пешку туманидаги давлат захирасида бўлган 290 гектар ер майдонини аукцион савдоларида ютиб беришда амалий ёрдам кўрсатишни ваъда қилган.
Таъкидланишича, ушбу ер майдонида олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар захираси мавжуд. Хизмати эвазига у 600 минг доллар талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчи 230 минг доллар ва 840 млн сўмни олаётган вақтида ушланган. ДХХ хабарига кўра, ушбу шахс муқаддам бир неча бор фирибгарлик жинояти учун судланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.