
Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов 2025 йил ноябрь ойи охирида инфляцион таргетлаш режимида сузувчи алмашув курсининг аҳамиятига бағишланган давра суҳбатида нутқ сўзлади. У ўз чиқишида халқаро захиралар динамикаси, олтиннинг роли ва регуляторнинг активларни бошқаришга бўлган ёндашувларига батафсил тўхталиб ўтди.
Халқаро захиралар
Марказий банк раиси ўринбосари халқаро захираларни бошқариш ҳақида гапирар экан, улар макроиқтисодий сиёсатга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, ташқи хавф-хатарларни юмшатиш ва мамлакатнинг ташқи мажбуриятларини бажариш қобилиятини таъминлаш учун шакллантирилишини таъкидлади.
«Халқаро захираларни бошқариш жараёни Марказий банкнинг хорижий активлар устидан тўлиқ назоратини ва зарур ҳолларда улардан тезкор фойдаланишга тайёрлигини таъминлайди», — деди Олимов.
Унинг сўзларига кўра, захираларни бошқариш 3 та асосий тамойилга асосланади — хавфсизлик, ликвидлилик ва даромадлилик.
Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2020 йилдаги 29,2 млрд доллардан 2025 йилда 66,3 млрд долларгача ўсди. Ўсишнинг асосий омили жаҳон бозорида олтин нархининг кўтарилиши бўлди.
Олтиннинг жисмоний ҳажми деярли барқарор — тахминан 12 млн троя унцияси миқдорида қолди, бироқ унинг бозор қиймати 2020 йилдаги бир унция учун тахминан 1500 доллардан ноябрь ойида 4000 доллардан ошди (бугунги кунда — деярли 4600 доллар). Бу захиралардаги олтин улушининг ҳам, халқаро захиралар умумий ҳажмининг ҳам ошишига олиб келди.
«1 ноябрь ҳолатига кўра, захираларнинг 81 фоизи олтин шаклида сақланмоқда (йил якунига кўра бу улуш 83 фоизгача ўсди — таҳр.). Марказий банк учун олтин стратегик узоқ муддатли инвестиция ҳисобланади», — деди.
Олимовнинг таъкидлашича, олтиннинг юқори улуши эҳтиёткор ва хавфсизликка йўналтирилган ёндашувни акс эттиради: олтин кредит таваккалчилигига эга эмас, тарихан ўз қийматини сақлаб қолади ва захираларнинг бозордаги қисқа муддатли тебранишларга нисбатан заифлигини камайтиради.
Олтин, шунингдек, келажак авлодлар учун жамғарма ва мамлакат иқтисодий барқарорлигининг кафолати бўлиб хизмат қилади. Марказий банк раҳбари ўринбосари глобал молиявий тизимда олтиннинг роли тикланаётганига эътибор қаратди.
«Инвесторлар ундан инфляция ва бозор волатиллигидан ҳимояланиш воситаси, шунингдек, геосиёсий ноаниқлик шароитида «хавфсиз актив» сифатида фаол фойдаланмоқдалар», — деди.
Унинг сўзларига кўра, халқаро захиралардаги олтин улуши 2015 йилдаги тахминан 10 фоиздан ҳозирги вақтда 27 фоизгача кўтарилган, глобал захиралардаги унинг бозор қиймати эса АҚШ ғазначилик облигациялари қийматидан ошиб кетган. Шу билан бирга, валюта активларининг улуши 90 фоиздан 73 фоизгача камайган.
«Сўнгги беш йил ичида олтин нархи деярли икки баравар ошди. Бу ўсиш пандемия, таъминот занжиридаги узилишлар ва геосиёсий кескинлик каби бир қатор глобал хавф-хатарлар билан боғлиқ бўлди. Ҳозирги вақтда халқаро молия тизими беш йил аввалги тизимдан тубдан фарқ қилади ва давлат активларини бошқарувчи институтлар ўз портфеллари тузилмасини қайта кўриб чиқмоқдалар», — деди.
Аброр Мирзо Олимов халқаро стандартларга кўра, Ўзбекистон захиралари жуда юқори даражада эканини таъкидлади:
- импортни қоплаш — 12 ойни ташкил этади, бу ХВЖ томонидан тавсия этилган 3 ойлик минимал чегарадан анча юқори;
- қисқа муддатли ташқи қарзни қоплаш коэффициенти — 345 фоиз, бу тавсия этилган 100 фоизлик даражадан анча юқори;
- ХВЖнинг ARA-EM кўрсаткичи — 319 фоиз, тавсия этилган 100 фоизлик даражадан сезиларли даражада юқори.
Портфелни диверсификация қилиш
2020 йилдан бошлаб Марказий банк халқаро захираларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга киришди: Жаҳон банкининг RAMP дастурига қўшилди, 2023 йилда Инвестиция қўмитаси ташкил этилди, 2024 йилда эса илк бор АҚШ ғазначилик векселларига инвестициялар киритилди.
2025 йилда бундай инвестициялар ҳажми 1 млрд долларга етди (йил якунига кўра эса 1,5 млрд доллардан ошди). Унинг сўзларига кўра, АҚШ ғазначилик қоғозлари юқори ликвидлилиги, ривожланган репо бозори билан ажралиб туради ва портфелни мосланувчан бошқариш имконини беради.
«Диверсификация жараёни чет эл валютасидаги пул бозорининг қисқа муддатли инструментларидаги маблағларни босқичма-босқич юқори ликвидли ва юқори рейтингли қимматли қоғозларга ўтказиш орқали амалга оширилмоқда», — деди Марказий банк раҳбари ўринбосари.
Ҳозирги вақтда Марказий банк «А» ва ундан юқори рейтингга эга бўлган 35 та халқаро банк билан ҳамкорлик қилмоқда, шунингдек, активларни стратегик тақсимлаш концепциясини (SAA) ишлаб чиқмоқда.
Концентрация хавфлари
Халқаро валюта жамғармаси маслаҳатчиси Эътибор Жафаров Ўзбекистон халқаро захираларида олтин концентрацияси юқорилиги билан боғлиқ хавфларга эътибор қаратди.
«Айримларнинг фикрича, агар капитал активларини нархлаш моделига риоя қилинса, битта активда ҳаддан ташқари концентрациялашиш энг яхши стратегия эмас, чунки бу таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолда даромадлиликни пасайтиради. Одатда, битта активнинг улуши 30–40 фоиздан ошса, бундай таъсирлар намоён бўла бошлайди», — деди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон захираларида олтин улуши 81 фоизга етган, ваҳоланки олтин нархлари ўзгарувчан бўлиб қолмоқда ва доимий равишда ўсиши мумкин эмас.
Жафаров, шунингдек, олтин ишлаб чиқарувчи мамлакатлар учун захираларда ушбу металлнинг юқори улуши айниқса сезиларли бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У регулятор вақт ўтиши билан олтин улушини камайтириш ниятидами ёки йўқлиги билан қизиқди.
Марказий банк жавоби: диверсификация аллақачон бошланган
Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов олтин улушининг ўсиши мақсадли стратегия эмас, балки жаҳон нархларининг кескин кўтарилиши натижаси эканини айтди.
«2020 йилда олтин халқаро захираларимизнинг тахминан 56 фоизини ташкил этган эди, ҳозир эса бу улуш 81 фоизга етди. Бу айнан жаҳон бозорида олтин нархининг ошиши ҳисобига юз берди», — дея тушунтирди.
Унинг сўзларига кўра, айнан шу сабабли 2024 йилда Марказий банк захираларни диверсификация қилиш жараёнини бошлаган.
«Биз ҳам тушунамизки, агар нарх кўтарилса, у пасайиши ҳам мумкин — олтин нархининг келажакдаги динамикасини прогноз қилиш жуда қийин. Шунинг учун биз диверсификацияни бошладик», — деди Олимов.
У биринчи қадам сифатида қатъий даромадли инструментларга маблағ йўналтирилганини маълум қилди. Бу хавфсиз ва бошқариш нисбатан осон бўлган активлар. Марказий банк бошқа турдаги юқори ликвидли активларга ҳам инвестиция киритишни давом эттиради.
Шу билан бирга, у регулятор учун ҳамон учта устуворлик амал қилишини таъкидлади: хавфсизлик, ликвидлилик ва шундан кейингина даромадлилик. Олтин — хавфсиз актив, шу боис консерватив ёндашув доирасида захираларнинг салмоқли қисми олтинда сақланишда давом этади. У Марказий банкда олтин улуши бўйича қатъий мақсадли кўрсаткичлар йўқлигини, аммо диверсификация албатта давом эттирилишини қўшимча қилди.
Чехия миллий банкининг собиқ раиси ўринбосари, халқаро валюта бозорлари бўйича эксперт Карел Бауэр диверсификацияни кенгайтириш йўналишини қўллаб-қувватлади.
«Кенгроқ диверсификация — бу марказий банк интилиши керак бўлган нарса, бу нафақат олтинга, балки валюта тузилмасига ҳам тегишли бўлиб, янада барқарор даромадлиликни таъминлайди», — деди.
Бауэр шунингдек, олтиннинг даромад манбаи сифатида чекланганлигига ишора қилди. Олтиннинг ўзи, агар у сотилмаса, даромад келтирмайди. Унинг қийматининг ошиши, моҳиятига кўра, амалга оширилмаган бухгалтерия фойдаси бўлиб, у захираларнинг реал ҳолати ҳақидаги тасаввурни бузиши мумкин.
Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари иқтисодиёт барқарорлигини таъминловчи асосий восита бўлиб қолмоқда: улар миллий валюта курсининг кескин тебранишларини юмшатиш, ташқи мажбуриятларни бажариш, инқирозли вазиятларда импортни таъминлашга имкон беради ҳамда ташқи шоклардан — хомашё нархларининг пасайишидан тортиб молия бозорларидаги беқарорликкача бўлган ҳолатлардан ҳимоя қилади.

