
2026 йилги давлат бюджетини шакллантиришда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро валюта жамғармасининг тавсияларини, жумладан, олтин тушумларининг таъсири ва давлат харажатлари ўсиши билан боғлиқ жиҳатларни ҳисобга олди. Бу ҳақда 2026 йил 30 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департаменти директори Шерзод Муҳамедов маълум қилди.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонни иқтисодиёт «қизиб кетиши»нинг олдини олиш учун олтин тушумларининг таъсирини камайтириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
2025 йил якунида ҳукумат давлат бюджетига ўзгартиришларни тасдиқлади ва давлат органлари харажатларини 14,6 фоизга ёки 41,2 трлн сўмга (3,4 млрд доллар) оширди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини ошириш учун икки баравар кўп маблағ ажратилди — индексация қилиш режалаштирилганидан эртароқ ва каттароқ ҳажмда амалга оширилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва куч ишлатар тузилмаларининг харажатлари 1,5 млрд долларга оширилди.
«Халқаро валюта жамғармаси тавсиялари ва бюджет харажатлари ўсишига келсак — ҳа, 2026 йилги бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда ХВЖ тавсиялари инобатга олинди», — деди Шерзод Муҳамедов.
Олтин тушумлари таъсирини юмшатиш учун алоҳида фискал қоида жорий этиш ёки жамғарма каби тузилма ташкил этиш режалаштириляптими, деган саволга у «тегишли таклифлар ишлаб чиқилаётганини» маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда харажатлар ҳақиқатан ҳам оширилган ва вазирлик бу бўйича аллақачон тушунтиришлар берган.
«Ўсишнинг асосий қисми ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга, кам таъминланган аҳолини қўшимча қўллаб-қувватлашга, шунингдек, иш ҳақи, ижтимоий нафақалар ва пенсияларни муддатидан олдин — режалаштирилган муддатлардан эртароқ ва кўпроқ миқдорда оширишга йўналтирилди», — дея тушунтирди департамент директори.
Шу билан бирга, у харажатларни оширишнинг айрим йўналишлари бўйича батафсил маълумотга эга эмаслигини қўшимча қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, 2026 йилда харажатларнинг сезиларли ўсиши кўзда тутилмаган.
«Агар 2026 йилги бюджет тўғрисидаги қонун ва „Фуқаролар учун бюджет“ материалларига қаралса, 2026 йилдаги бюджет харажатлари 2025 йилга нисбатан атиги 3,5−4 фоиз атрофида оширилганини кўриш мумкин. Яъни, харажатларнинг сезиларли ўсиши йўқ. Бюджет ХВЖ билан ҳамкорликдаги ишлар, келгуси давр учун прогноз ва кутилмаларни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёткорлик билан шакллантирилган ва тасдиқланган», — деди Муҳамедов.
Матбуот анжумани давомида «Газета» журналисти бюджетнинг жаҳон олтин нархларига юқори даражада боғлиқлиги билан боғлиқ хавфлар ва котировкалар кескин тушиб кетган тақдирда стресс-тестлар ўтказиляптими ёки йўқми, деган савол билан мурожаат қилди.
«Ўтган йили биз янги воқеликка мослашишимизга тўғри келди — олтиннинг иқтисодиётимизга таъсири сезиларли даражада кучайди. Бу жаҳон нархларининг ошиши билан боғлиқ бўлди. Бир томондан, бу биз учун жуда яхши, лекин умуман олганда маълум хавфларни келтириб чиқаради… Олтин нархи бўйича бюджетнинг стресс-тестлари ўтказиляптими? Масалан, агар ҳозир нарх шартли равишда 5500 бўлса-ю, тўсатдан 2000−2500−3000 гача тушиб кетса-чи?» — деб сўради журналист.
Департамент директори бу йўналишда таҳлиллар, сценарийли ҳисоб-китоблар ўтказилаётганини, турли вариантлар ўрганилаётганини ва бу «стандарт амалиёт» эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда харажатларнинг сезиларли қисми ҳудудларда ижтимоий ва инфратузилма соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган.
«Масалан, камбағалликни қисқартириш бўйича дастур қабул қилинди, „драйвер“ лойиҳалар молиялаштирилди, энг мураккаб 1000 та маҳаллани қўллаб-қувватлаш учун бюджет маблағлари ажратилди. Бу чоралар мураккаб геосиёсий вазиятда иқтисодиёт ва мамлакатни ривожлантириш воситалари сифатида кўрилади», — деди Шерзод Муҳамедов.
Шунингдек, у олтин нархи тушган тақдирда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари фаолроқ ривожланиши мумкинлигини таъкидлади.
«Масалан, барча геосиёсий вазиятлар юмшаб, бозорлар ва янги бозор механизмлари очилганда, бошқа секторлар фаолроқ ривожланиши мумкин. Бу ҳолатда бюджет харажатлари ва даромадларига таъсир унчалик сезиларли бўлмаслиги кутилади», — деди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили.
Унинг сўзларига кўра, кўплаб ривожланган мамлакатларда шунга ўхшаш амалиёт кузатилади: ноаниқлик шароитида олтин нархи кўтарилади ва бундай даврларда иқтисодиёт ва инфратузилма ривожи учун қўшимча бюджет харажатлари «табиий» ҳисобланади.
«Ҳозирги вақтда ҳам бюджет маблағлари асосан айнан шу соҳаларга йўналтирилмоқда», — дея хулоса қилди.
Олтин нархлари консерватив тарзда белгиланмоқда
Олтин нархлари ҳақида гапирганда, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров бюджетни тайёрлашда эҳтиёткор ёндашувдан фойдаланилишини таъкидлаган эди.
«Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда олтин нархи доимо консерватив тарзда белгиланади. Биз ҳам қисқа муддатли тебранишлардан эмас, балки узоқ муддатли тенденциялар ва фундаментал омиллардан келиб чиқдик», — деди.
Шу билан бирга, у йил давомида қўшимча даромадлар пайдо бўлишини истисно қилмади.
«Агар олтин нархининг қисқа муддатли ўсиши ҳисобига қўшимча даромадлар олинса, маблағларнинг бир қисми устувор мақсадларга, бир қисми эса бюджет тақчиллигини камайтиришга йўналтирилиши мумкин», — деди вазир ўринбосари.
Марказий банкнинг базавий сценарийсига кўра, олтинга бўлган талаб юқори даражада сақланиб қолса, унинг нархи 2026 йилнинг биринчи ярмида ўсиш трендида қолади.
Ўртача йиллик нарх бир троя унцияси учун 3800−4000 доллар даражасида прогноз қилинмоқда, 2027 йилдан бошлаб эса пасайиш трендига ўтиш кутилмоқда (2027 йилда — 3500 доллар, 2028 йилда — 3410 доллар).