Олтин нархи 4400 доллардан ошиб, рекордни янгилади

Олтиннинг биржа қиймати навбатдаги рекордни янгилади ва тарихда илк бор бир унция учун 4400 доллардан ошди, деб хабар бермоқда BBC News. 2025 йил 22 декабрь куни олтиннинг спот нархи 4420 долларга етди, шундан сўнг пасайди.

Нархларнинг кўтарилиши геосиёсий кескинликнинг кучайиши ва АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини пасайтиришда давом этиши ҳақидаги кутишлар фонида юз берди, деб ёзади Bloomberg. Трейдерлар ФЗТ 2026 йилда ставкаларни икки марта пасайтиришини кутмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам пул-кредит сиёсатини юмшатиш тарафдори сифатида чиқмоқда.

Ставкалар пасайишининг кутилиши одатда облигациялар каби инвестициялар даромадлилигининг камайишини англатади, шу сабабли инвесторлар фойда олиш, шунингдек, портфелларини диверсификация қилиш учун олтин ва кумуш каби хомашё товарларига юзланишади, деб қайд этади BBC News.

Goldman Sachs таҳлилига кўра, талабни ошираётган яна бир омил — бутун дунё бўйлаб марказий банклар иқтисодий турбулентликка қарши туриш, АҚШ долларига қарамликни камайтириш ва портфелларни диверсификация қилиш учун олтиннинг жисмоний захираларини тўлдираётгани. Таҳлилчилар ушбу тенденция 2026 йилда ҳам давом этишини прогноз қилмоқда.

Нархларга АҚШ долларининг заифлашиши ҳам таъсир кўрсатди, бу металлни хорижий харидорлар учун арзонроқ қилди.

Бошқа қимматбаҳо металлар, масалан, кумуш ва платина нархлари ҳам кўтарилди. Хусусан, кумуш нархи душанба куни бир унция учун 69,44 долларлик рекорд даражага етди, платина эса 17 йиллик максимал кўрсаткични — 2072,01 долларни янгилади, деб ёзади Reuters.

2025 йил бошидан буён олтин 68 фоиздан кўпроққа қимматлашди — бу 1979 йилдан бери энг юқори кўрсаткич.