Олмазор туманидаги омборхонадан водород пероксид сизиб чиқиши: Вазият назорат остида (видео)

2025 йил 21 июль кунига ўтар кечаси, пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Узумбоғ кўчасида ҳавога ўткир, олтингугуртсимон ҳид тарқалгани ҳақида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига (ФВБ) хабар келиб тушди. Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва аҳоли орасида ташвиш уйғотди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг хабар беришича, Тошкент шаҳар ФВБнинг Радиация, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлинмаларитезкорлик билан кўрсатилган манзилга етиб борди. Мутахассислар воқеа жойида вазиятни ўрганишга киришдилар.

Дастлабки текширувлар шуни кўрсатдики, маҳаллий омборхонада сақланаётган махсус сиғимдан водород пероксид (перекись водорода) моддаси очиқ ҳавога сизиб чиқиши кузатилган. Ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ушбу кимёвий модданинг тарқалишини бартараф этиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, воқеа жойида барча тегишли хизматлар – ФВБ, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Аҳоли учун хавфсизликни таъминлаш ва юзага келган муаммони тезкор ҳал этиш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Қўшимча маълумотлар ва ҳодисанинг тўлиқ сабаблари текширув якунлангач, расмий равишда тақдим этилади. Фуқаролардан ваҳимага тушмаслик ва фақат расмий манбалардан олинган маълумотларга таяниш сўралади.

Маълумот тўлдирилди

Ушбу вазият соат 04:00 да тўлиқ бартараф этилди ва юзага келган ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.