
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида мактаб ўқувчиси вафоти билан боғлиқ ҳолатни ўз назоратига олди, дея хабар берди Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати.
2026 йил 28 январь куни 5-сонли мактабда 17 ёшли ўқувчи К. Й. соғлиғи ёмонлашгани сабабли вафот этган.
Болалар омбудсмани офисининг ҳудудий вакили вазиятни бола ҳуқуқлари бузилиши предмети бўйича ўрганмоқда. Ўрганиш натижалари ҳақидаги маълумот тергов якунланганидан кейин тақдим этилади.
Прокуратура органлари терговга қадар текширув ўтказмоқда, суд-тиббий экспертизаси тайинланган, дейилади хабарда.
Прокуратура Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига, шунингдек, вилоят Ички ишлар бош бошқармасига хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида тақдимнома киритди.
Аввалроқ Ўзбекистондаги зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси мактабда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган қандайдир йиғилишдан сўнг қизнинг тромби узилиб кетгани ҳақида хабар берган эди.
Ушбу йиғилишда қатнашган боланинг ота-онаси сўзларига кўра, тадбирни мактаб ота-оналар қўмитаси вакили чақирган бўлиб, у бошқа бир ўқувчи қизни у ҳақидаги миш-мишлар тарқалишидан ҳимоя қилмоқчи бўлган.
«У сохта баҳона билан ички ишлар органларини чақирган ва қизларга қўпол шаклда, баланд оҳангда маъруза ўқий бошлаган. Кейин миш-миш тарқатишда „гумон қилинаётган“ қизларни алоҳида хонага суҳбатга чақиришган. Бунда хонада асосан эркаклар бўлган. Вафот этган қиз суҳбатга чақирилганда кучли стрессни бошдан кечирган», — дея ота-онанинг хатидан иқтибос келтиради лойиҳа.
«Газета» ҳам аввалроқ ушбу ҳодиса ҳақида хабар олган эди. Таҳририятга юборилган маълумотларга кўра, қиз эрталабдан ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан ҳомиладорлик мавзусидаги «профилактик суҳбат»дан сўнг унинг аҳволи ёмонлашган. Юқори синф ўқувчиси зинадан тушаётиб ҳушини йўқотган ва вафот этган.
«Мактабда 9-синф ўқувчиларидан бири ҳомиладор бўлиб қолгани ҳақида миш-мишлар юрибди. Шу сабабли мактабда тез-тез бундай суҳбатлар ўтказилади», — дейилади таҳририятга келган хабарда.
ИИББ изоҳи
Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби Бобур Тўлаганов қизнинг ўлими «тарбия соати»га ташриф буюриш билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мактабнинг 9, 10 ва 11-синф ўқувчилари ўртасида бир-бирлари ҳақида миш-мишлар тарқалиши сабабли келишмовчиликлар юзага келган.
Шу муносабат билан мактаб маъмурияти Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ва мактабга бириктирилган ички ишлар органларининг инспектор-психологлари иштирокида ўқувчи қизлар учун «тарбиявий йиғилиш» режалаштирган, деб қайд этди матбуот котиби.
«10-синф ўқувчиси бошқа қизлар билан бирга йиғилишга кетаётганда, биринчи қават йўлагида ўзини ёмон ҳис қилган, йиқилган ва вафот этган. Эътибор қаратамиз: ҳодиса режалаштирилган йиғилиш бошланишидан олдин содир бўлган, яъни ўқувчи қиз унга киришга улгурмаган», — деди Бобур Тўлаганов.