
Ўзбекистонда тадбиркорлар олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш эвазига имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Президентнинг 2025 йил 3 ноябрдаги қарорида айтилган.
Янги ҳужжат билан давлат раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги бошқа қарорига қўшимчалар киритилмоқда.
Давлат олийгоҳ битирувчиларини ишга қабул қилган компанияларга Марказий банк асосий ставкасидан 4% банд юқори (14+4%) ставкада, 2 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йил муддатга 5 млрд сўмгача кредит ажратади.
Кредитлар ажратилган ҳар 1 млрд сўм учун тадбиркор камида битта битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан берилади. Маблағлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳалар доирасида асосий воситаларни сотиб олиш ва айланма маблағларни тўлдиришга йўналтирилиши мумкин.
Агар имтиёзли кредит олишга асос бўлган битирувчи билан тузилган меҳнат шартномаси 2 йил ичида бекор қилинса, кредит ставкаси ўзгаради — бекор қилинган санадан бошлаб у тижорат ставкасига айланади. Агар бир ой ичида ишдан бўшатилган битирувчи ўрнига бошқаси қабул қилинса, бу қоида истисно қилинади.
Бундан ташқари, битирувчилар орасида стартаплар ва инновацион лойиҳалар танлови ташкил этилади. Ғолибларга камида 2 нафар битирувчини ишга жойлаштириш шарти билан 1 млрд сўмгача грантлар берилади.
Олийгоҳ битирувчиларини ишга жойлаштириш учун имтиёзлар ҳақида Президент ҳузуридаги 2025 йил август ойидаги йиғилишда ҳам сўз юритилган эди. Битирувчиларни ёллаган бизнес Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида кўтарилиш имкониятига ҳам эга бўлиши керак.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш тизими иқтисодиёт эҳтиёжларига жавоб бермаётганини таъкидлаган эди. Саноатда 500 мингга яқин кадр талаб этилади, аммо бугунги кунда битирувчиларнинг ярмидан кўпи паст малакали лавозимларда ишламоқда.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ёшлар бандлигини таъминлаш учун банкларга 300 млн доллар ажратилган. Кўплаб битирувчилар қарзни қайтара олмаслик хавфи туфайли катта кредит олишдан қўрқиши сабабли, Мирзиёев имтиёзли кредитларнинг бир қисмини уларни ишга жойлаштираётган компанияларга ҳам йўналтириш таклифини маъқуллади.