Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасасида икки йил ичида коррупция ҳолатлари аниқланмади — вазир

Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасасида коррупцияга қарши курашиш чоралари бўйича кўрсаткич «яхши даража»га кўтарилди. Бу ҳақда 2025 йил 23 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов маълум қилди.

2023 йилда ўтказилган сўровнома якунларига кўра, мамлакатдаги 100 дан ортиқ ОТМ рейтинги шакллантирилган эди. Таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш даражаси бўйича 3 та тоифага — яхши, қониқарли ва қониқарсиз гуруҳларга бўлинган.

Натижалари қониқарсиз бўлган олийгоҳларда таълим жараёнидаги коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган махсус чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Кўрилган чоралар натижасида ана шундай 10 та муассасада икки йил давомида коррупцияга оид жиноятлар қайд этилмади, деди Олий таълим вазирлиги раҳбари.

Уларнинг қаторига қуйидагилар киради:

  • Тошкент давлат стоматология институти;
  • Урганч давлат педагогика институти;
  • Наманган тўқимачилик саноати институти;
  • Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиали;
  • Халқаро озиқ-овқат технологиялари ва муҳандислиги институти;
  • Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали;
  • Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали;
  • Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиали;
  • Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Нукус филиали.

Вазирнинг сўзларига кўра, йил якунлари бўйича ушбу олийгоҳларда коррупцияга қарши курашиш даражаси қониқарлидан яхшига кўтарилган.

Ҳозирги вақтда олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини баҳолаш учун рақамли платформа яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Transparency International ташкилотининг 2024 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида 180 та давлат ичида 121-ўринни эгаллаб, 2023 йилга нисбатан 1 балл йўқотган эди. Бу рейтинг доирасида 2012 йилдан бери қайд этилган илк пасайиш.