Ўзбекистон ОТМларига киришда мактаб баҳоларини ҳисобга олиш тартиби жорий этилмайдиган бўлди

Абитуриентларнинг мактаб аттестатларидаги баҳолари ОТМларга киришда инобатга олинмайдиган бўлди. Бу ҳақда юрист Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон президентининг 2025 йил 19 июлдаги фармонига таяниб хабар берди.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги ОТМларга кириш имтиҳонларида абитуриентлар баҳоларини ҳисобга олиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги қарори ўз кучини йўқотган деб топилди.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб мактаб битирувчиларининг аттестатига мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичларини киритиш режалаштирилган эди. Бу баҳоларнинг ўртача арифметик кўрсаткичини абитуриентнинг ОТМга кириш имтиҳонларида тўплаган баллига қўшиш назарда тутилганди.

«Масалан, 130 балл тўплаган абитуриентга аттестатдаги ўртача баҳосига қараб қўшимча 3, 4 ёки 5 балл қўшилиши мумкин эди», — дея таъкидлади Хушнудбек Худойбердиев.

Мактаб баҳоларини ҳисобга олиш тўғрисидаги низом тасдиқланган эди, бироқ 2023 йилдаёқ уни жорий этиш 2 йилга кечиктирилганди.