
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 18 август куни қурилиши расман якунланган олимпия шаҳарчаси билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қурилиш 2022 йил ноябрда бошланган. Умумий қиймати 289 миллион доллар бўлган мажмуа 100 гектардан ортиқ майдонда жойлашган. Лойиҳани Хитойнинг CAMC Engineering компанияси амалга оширди.
Шаҳарчада 5 та асосий спорт иншооти жойлашган. Улар орасида Халқаро олимпия қўмитаси талабларига жавоб берадиган 2200 ўринли велодром мавжуд. У стол тенниси ва қиличбозлик мусобақаларини ҳам ўтказиш имконини берувчи кўп функцияли қоплама билан жиҳозланган.
Президент Ўзбекистон минтақаларида велосипед спортини ривожлантириш дастурини тайёрлашни топширди.
12 минг ўринли стадион енгил атлетиканинг 48 та тури бўйича мусобақаларни, жумладан, жаҳон чемпионатлари ва паралимпия мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган.
Стадион ёнидаги 4 қаватли бинода миллий терма жамоалар ва федерациялар мутахассислари жойлашади. Давлат раҳбари мамлакатда енгил атлетикани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқишни топширди.
Сув спорти саройи сузиш (25×50 м), сувга сакраш (25×20 м), синхрон сузиш ва сув полоси учун сузиш ҳавзалари билан жиҳозланган. Яқинда уни World Aquatics федерацияси делегацияси кўздан кечириб, халқаро стандартларга мослигини тасдиқлади.
Бундан ташқари, ўйин ва яккакураш турлари учун ҳам мажмуалар қурилган, уларнинг ҳар бирида 2000 ўринли трибуналар мавжуд. Уларда волейбол, баскетбол, гандбол, дзюдо, бокс ва таэквондо бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин.
Президент спортчилар билан учрашди. «Халқаро майдонларда сиз бизнинг байроғимизни кўтарасиз ва мамлакат тараққиётини намойиш этасиз. Ҳар бир ғалабангиз халқ учун фахр, ёшлар учун куч ва илҳомдир. Бу саъй-ҳаракатларни давом эттиринг, ўсмирларни ўзингиз билан олиб боринг ва спортимизни янада юқорига кўтаринг», — деди Шавкат Мирзиёев.
Олимпия шаҳарчасида футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей ва енгил атлетика учун 15 та очиқ майдонча ҳам яратилган. Паралимпиячилар учун 400 ўринли ётоқхона ва Спорт тиббиёти илмий-амалий маркази қурилиши якунланмоқда.
Барча объектлар энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланган. Автотураргоҳлар устига қуёш панеллари ўрнатилади, дейилади хабарда. Шаҳарча ҳудуди кўкаламзорлаштирилган — бу ерга бир неча йил олдин экилган дарахтлар мавжуд.
2024 йил декабрь ойида Осиё Олимпия кенгаши 2025-йилда Олимпия шаҳарчасида ўтказилиши режалаштирилган III Осиё ёшлар ўйинлари объектларнинг тайёр эмаслиги сабабли бекор қилинганини эълон қилган эди.
Ўшанда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мамлакат пандемиядан кейинги даврдаги чекловлар ва кечикишлар туфайли ўйинларни бир йилга қолдиришни сўраганини билдирган эди. Осиё Олимпия кенгаши муддатларни қолдиришга рози бўлмади ва ўйинларни ўтказиш ҳуқуқини Баҳрайнга берди.