Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 10/09/2025

«ОИТВ таҳлилини топширишга мажбурлашмоқда» — олим ва собиқ элчи Алишер Файзуллаев

Буюк Британия ва бошқа Европа мамлакатлари, Европа Иттифоқи, НАТОдаги Ўзбекистоннинг собиқ элчиси, ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари, таниқли сиёсатшунос, психолог, ёзувчи ҳамда Ўзбекистон ва хориж университетлари профессори Алишер Файзуллаев хорижга сафардан қайтганидан сўнг ОИВ ва сифилис таҳлилларини топшириш талабига дуч келди. Бу ҳақда у Facebook ижтимоий тармоғида ёзди.

Ўзбекистон қонунларида 90 кундан ортиқ хорижда бўлганлар учун ОИВ тестини топшириш талаби бўлмаса-да, фуқаролар узоқ вақтдан буён поликлиникалар талабига кўра буни қилишга мажбур бўлаётгани ҳақида хабар берилганди. 2025 йил 1 август куни Сенат ОИВга мажбурий тест топширишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Қонунни президент Шавкат Мирзиёев қачон имзолаши ва умуман имзолаши номаълум (бошқача қилиб айтганда, қонун ҳали кучга кирмаган).

Халқаро экспертлар таклиф этилаётган қоида юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди. Улар ОИВга мажбурий тестлар камситувчи ва инсон ҳуқуқларини бузувчи, шунингдек, самарасиз бўлиши ва ҳатто вазиятни оғирлаштириши мумкинлигини таъкидламоқда. Шунга қарамай, бундай амалиёт аллақачон мавжуд бўлиб, сўнгги пайтларда бу ҳақда тез-тез хабар берилмоқда.

Алишер Файзуллаев шундай деди: «Мана бир неча кундирки, туман поликлиникаси ҳамшираси шу йилнинг бошида 3 ойдан ортиқ вақт давомида хорижда бўлганлигим сабабли, ОИВ ва сифилис таҳлилларини топширишимни қатъий талаб қилиб, бизга мурожаат қилмоқда».

Профессор бу Сенат томонидан маъқулланган қонун билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. У ҳамширага ҳали имзоланмаган қонунда бу талаб фақат 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқароларга тааллуқли эканлигини бир неча бор тушунтирди (унинг ўзи 68 ёш).

«Бироқ, ҳамшира ўзи маслаҳатлашган раҳбариятининг сўзларига кўра, улар ёш чекловлари ҳақида ҳеч нарса билишмаслигини ва мен таҳлил топширишим шартлигини таъкидлади», — дея қайд этди Алишер Файзуллаев.

«Ушбу қонун (айтганча, у давлат раҳбари томонидан имзоланганми ёки йўқ, ҳали ҳам билмайман) ва унинг ижроси билан боғлиқ вазият шундай. Туман поликлиникаси кейинги қандай чоралар кўришини кузатамиз», — дея қўшимча қилди.

Амалиёт 2018 йилдан бери амал қилади

Қайд этиш жоизки, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда мамлакатдан узоқ вақтга чиқиб кетгандан кейин қайтган мигрантларни ОИВга тестдан ўтказиш учун тиббиёт муассасаларига мажбурий йўналтириш амалиёти мавжуд. Бу президент қарори билан назарда тутилган. Ўша йили тегишли идоралараро қарор ҳам қабул қилинган, бироқ у жамоатчилик учун очиқ эмас.

2023 йилда президент 2023−2027 йилларга мўлжалланган аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади. Унда мигрантларни ОИВга ихтиёрий текширувлар билан қамраб олишни кенгайтириш, шу жумладан, мигрантлар ва уларнинг оилалари орасида инфекция, ҳимоя чоралари ва даволаниш имкониятлари ҳақида хабардорликни ошириш бўйича кампаниялар ўтказиш ҳақида сўз борарди.