
Баҳром Эгамбердиев
Тошкент халқаро аэропорти ва Марказий (Шимолий) вокзалда йил охиригача ОИВга антитаначалар мавжудлигини аниқлаш учун бепул экспресс-тестлар бериш автоматлари ўрнатилади. Бу ҳақда ОИТСга қарши кураш Республика маркази директори Баҳром Эгамбердиев маълум қилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳар йили 3000-4000 та янги ОИВ инфекцияси ҳолатлари аниқланаётгани, булар асосан 30-49 ёшдаги шахслар бўлиб, инфекция юқишининг қарийб 80% ҳолатлари жинсий йўл билан содир бўлаётгани хабар қилинган эди. Баҳром Игамбердиевнинг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда ОИВ билан касалланганларнинг 30-35% ини меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар ташкил этмоқда.
Тестоматларда — бу пилот лойиҳа бўлади — келган фуқаролар сўлак тестларини олишлари, уларни уйда ишлатишлари ва ўз статусларини мустақил равишда билиб олишлари мумкин. Тест синови ихтиёрий ва бепул, дея таъкидлади. Йўриқнома тестоматларда жойлаштирилади ва QR-код орқали ҳам мавжуд бўлади.
Тест солинган ўрамни олиш учун паспортни сканерлаш талаб этилиши кутилмоқда. Бироқ, ОИТС маркази бўлим бошлиғи Фаррух Ҳамроев бу бир кишига биттадан ортиқ тест берилмаслиги учун кераклигини ва жараённинг аноним бўлишини кафолатлади. «Бизга фақат фуқаронинг жинси ва ёши ҳақидаги маълумотгина кўринади», — деди.
Тест натижаси ижобий бўлган тақдирда, фуқаро ОИТС марказига хабар бериши керак деб тахмин қилинмоқда.
Ҳозирда ОИВга бепул ва аноним тест синовларини республика марказининг ишонч хоналарида ва ҳудудий марказларда исталган вақтда ўтказиш мумкин. Бироқ, чет элда бўлган фуқароларнинг у ерга мурожаат қилиш эҳтимоли юқори эмас. Тестоматларни ўрнатиш орқали тест синовлари қамровини ошириш ва фуқаролар учун тартибни соддалаштириш режалаштирилган.
Фаррух Ҳамроев тестоматларни ўрнатиш бўйича Uzbekistan Airports ва «Ўзбекистон темир йўллари» билан келишувларга эришилганини маълум қилди. Агар лойиҳа муваффақиятли бўлса, у бутун мамлакат бўйлаб тарқатилади.
МУҲИМ: Шуни ҳисобга олиш керакки, ОИВга қарши антитаначалар организмда инфекция юққанидан кейин дарҳол эмас, балки икки ҳафтадан бир неча ойгача бўлган даврда пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 август куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон фуқаролари ва мамлакатда яшовчи, 90 кун ва ундан кўпроқ вақт давомида чет элда бўлган хорижликлар учун ОИВга мажбурий тест топширишни назарда тутувчи қонунни маъқуллаган эди. Ҳужжат ҳали Президент томонидан имзоланмаган (яъни ҳозирча кучга кирмаган). Халқаро экспертлар янги нормани камситувчи ва инсон ҳуқуқларини бузувчи деб атамоқдалар.
Шунга қарамай, бундай амалиёт мамлакатда 2018 йилдан бери мавжуд бўлиб, ўшанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ, ДХХ Чегара қўшинлари ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари орасида ОИВнинг олдини олиш чоралари тўғрисидаги қўшма қарори қабул қилинган эди.