
2025 йил 1 июлдан айрим туман ва шаҳарларда, 2026 йил 1 январдан бошлаб эса бутун Самарқанд вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги моделини синов тариқасида жорий этиш бошланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги 2025 йил 19 майдаги президентнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш тўғрисидаги фармонида маълум қилди.
Янги тизим оилавий шифокорлар улушини 70%гача ошириш, қоғозбозликни қисқартириш ва тиббиёт ходимларига тушадиган юкламани 30%гача камайтириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни назарда тутади.
Оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, маҳалла тиббиёт пунктлари ва уларга бириктирилган муассасалар, бириктирилган аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда, мустақил юридик шахс – оилавий поликлиникалар ва уларнинг филиаллари мақомини олади.
Оилавий поликлиникаларда оилавий шифокорлар, педиатрлар, акушер-гинекологлар ва диагностика йўналишидаги шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатади, стоматология хизмати аутсорсинг шартлари асосида ташкил этилади.
Аҳоли оилавий шифокорни эркин танлаш имкониятига эга бўлади. Оилавий поликлиникалардаги тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада ишлайдилар.
Оилавий поликлиникадан 10 километрдан ортиқ масофада жойлашган маҳалла аҳолиси учун сайёр тиббий хизмат ташкил этилади.
Бундай иш учун лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50% миқдорида қўшимча тўлов назарда тутилган. Бундан ташқари, меъёрдан ортиқча бириктирилган ҳар бир бемор учун тиббиёт ходимларига қўшимча тўлов – шаҳарларда энг кам иш ҳақининг 0,3%, туманларда эса 0,5% миқдорида берилади.
Шунингдек, пилот лойиҳа доирасида марказий туман (шаҳар) касалхоналарида шифокорларнинг иш ҳақи 20%га, ўрта тиббиёт ходимларининг иш ҳақи эса 10%га оширилади.
Иш самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида мотивация тизими жорий этилади. Оилавий поликлиникалар ва марказий касалхоналарнинг тиббиёт ходимлари лавозим маошининг 100%гача устама олишлари мумкин бўлади.
Лойиҳа доирасида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ва тиббиёт муассасаларида раҳбарлар учун тиббий менеджмент бўйича ўқув дастури жорий этилади.
Ўқув якунлари бўйича сертификат олган раҳбарларга устамалар тўланади: бош шифокорга лавозим маошининг 100%, унинг ўринбосарига 80%, бош ҳамширага 50%.
Раҳбар ходимлар учун ҳам KPI кўрсаткичлари белгиланади, уларнинг натижалари бўйича лавозим маошининг 100%гача устама жорий этилади. Бунда бир йил давомида KPI бўйича ижобий натижаларга эришмаган (56%дан кам) раҳбарлар лавозимидан озод этилади.
Тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги моделини жорий этиш 7 май куни президент ҳузуридаги йиғилишда муҳокама қилинган эди. Ўшанда тизим жорий йилда Самарқанд шаҳар, Иштихон ва Булунғур туманлари поликлиникаларини, шунингдек, ҳар бир вилоятдан битта туманни қамраб олиши қайд этилган эди. 2025 йилда тизимни бутун Самарқанд вилоятида, 2027 йилдан бошлаб эса мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ишга тушириш режалаштирилган.