
Вазирлар Маҳкамасининг 14 июлдаги қарори билан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш, ҳимоя режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, зўравонликдан жабр кўрган ёки бундай ҳаракатлар хавфи остида бўлган болалар мустақил равишда ёки қонуний вакиллари орқали «Инсон» марказларига, ички ишлар органларига ва бошқа масъул идораларга мурожаат қилишлари мумкин.
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича якка тартибдаги чора-тадбирларни кўриш учун қуйидагилар асос бўлади:
- зўравонликдан жабр кўрган бола ёки унинг қонуний вакилининг мурожаати;
- жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари;
- давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари томонидан аниқланган зўравонлик ёки уни содир этишга уриниш ҳолатлари;
- ОАВ ва интернет, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар;
- давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар.
Ички ишлар органлари иштирокида «Инсон» марказлари бир кун ичида боланинг ҳаёт шароитини ўрганиб чиқади. Бу жараёнда боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи омиллар дастлабки тарзда баҳоланади.
Баҳолаш натижаларига кўра, хавф даражаси «паст» ёки «юқори» деб таснифланади. Агар зўравонлик факти тасдиқланмаса, ички ишлар органлари ва «Инсон» маркази ходимлари хулоса тузиб, ўша куни аризачига топширади.
Қуйидаги ҳолатларда хавф «паст» деб топилади:
- боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган омиллар мавжуд бўлса-да, уларни бартараф этиш ёки камайтириш учун шароитлар мавжуд бўлса;
- жисмоний зўравонлик боланинг соғлиғига жиддий зарар етказмаган бўлса (маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса);
- руҳий зўравонлик боланинг кучли стресс ёки депрессияга тушишига сабаб бўлмаган бўлса;
- оилада антиижтимоий хулқ-атворга мойил бўлган ёки алкоголь, гиёҳвандлик, психотроп ёки одам онгига таъсир қилувчи бошқа моддаларни суиистеъмол қиладиган шахслар бўлса.
Қуйидаги ҳолатларда хавф «юқори» деб баҳоланади:
- боланинг ҳаёти ёки соғлиғига жиддий таҳдид мавжуд бўлиб, бу зудлик билан аралашиш ва ҳимоя чораларини кўришни талаб қилса;
- жисмоний ёки жинсий зўравонлик содир этилган бўлса (маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлса);
- ота-она, васийлар ёки болага ғамхўрлик қилиш ва уни тарбиялашга мажбур бўлган шахслар ўз вазифаларини бажармаётган бўлса.
Зарурат туғилганда, дастлабки баҳолаш жараёнига тиббиёт муассасалари, таълим ташкилотлари ходимлари ва бошқа мутахассислар жалб этилиши мумкин.
Агар дастлабки баҳолаш натижаларига кўра, боланинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавф «паст» деб топилса, «Инсон» марказининг ижтимоий ходими «маҳалла еттилиги»нинг қолган аъзолари, таълим ва тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда қуйидаги чораларни кўради:
- оиладаги вазият ёмонлашишининг олдини олади ва вақтинчалик қийинчиликларни бартараф этади;
- оиланинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;
- болага таълим олишида ва зарурат туғилганда, тиббий ёрдам олишида кўмаклашади;
- антиижтимоий хулқ-атворга мойил бўлган оила аъзоларига тиббий ва психологик ёрдам кўрсатади;
- оиладаги муҳитни яхшилаш, ота-оналик кўникмаларини мустаҳкамлаш ва боланинг ҳаётий малакаларини шакллантириш бўйича маҳалла даражасида чора-тадбирлар ташкил этади.
Бунда оиладаги вазият бир 1 давомида кузатиб борилади ҳамда унинг эҳтиёжлари асосида ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатилади.
Агар боланинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавф «юқори» деб баҳоланса, «Инсон» маркази ички ишлар органлари билан биргаликда таҳдид омилларини зудлик билан бартараф этиш чораларини кўради, шунингдек, ваколатли давлат органларига ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилади.
Ички ишлар органлари «Инсон» маркази билан ҳамкорликда қуйидаги шошилинч чоралардан бирини қўллайди:
- зўравонлик содир этган шахсни қонунда белгиланган тартибда ушлаш ва процессуал чораларни қўллаш;
- болага ёки унинг қонуний вакилига ҳимоя ордери бериш;
- хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлса, болани ота-онасидан (улардан биридан) ёки бошқа шахслардан олиб қўйиш.
Хавф омиллари бартаараф этилгандан сўнг, «Инсон» маркази 14 календарь кун ичида боланинг ҳаёт шароитини комплекс баҳолайди. Хусусан, «Инсон» маркази боланинг жисмоний ва руҳий саломатлиги ҳамда хавфсизлиги ҳолатини, зўравонлик оқибатларини, ўқиш ва тарбияланиш шароитларини, турар жой шароитини, бола ва оиланинг эҳтиёжларини, ота-оналик кўникмаларини, бола ҳамда зўравонлик содир этган шахс ўртасидаги муносабатларни, шунингдек, оила ва таълим ташкилотидаги муносабатларни, зўравонликка олиб келган омилларни, зўравонликка кўмаклашган бошқа ҳолатларни ўрганади.
Комплекс баҳолаш натижалари асосида марказ уч иш куни ичида масъул давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда, бола ва унинг қонуний вакили (ўзлари боланинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликка йўл қўйганлардан ташқари) иштирокида болани ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқади.
Ҳимоя режасига ҳимоя ордери бериш, зўравонликдан жабр кўрган ёки хавф остида бўлган болаларга ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш, оилани мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш, ҳаёт ёки соғлиғига тўғридан-тўғри таҳдид мавжуд бўлганда болани ота-онаси ёки бошқа шахслардан вақтинча олиб қўйиш, гувоҳлар ва жиноят процесси иштирокчиларини ҳимоя қилиш чоралари киритилиши мумкин.
Ҳимоя режасининг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
- зўравонлик оқибатлари ёки уни содир этиш хавфи бартараф этилиши;
- боланинг 18 ёшга тўлиши;
- боланинг вафоти.
Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан қуйидаги чоралар қўлланилиши мумкин:
- коррекцион дастурдан ўтиш;
- болаларни олиб қўйиш;
- ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ундан маҳрум қилиш;
- наркология муассасаларида мажбурий даволаниш;
- тиббий хусусиятга эга мажбурий чораларни тайинлаш;
- қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш.
Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар Миллий статистика қўмитасининг ягона электрон маълумотлар базасига киритилади.