Ўзбекистонда оғир юк машиналари ва самосваллар учун алоҳида рақамлар жорий этиш таклиф қилинмоқда

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда йирик габаритли транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишнинг янги қоидаларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан муҳокамага қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида айтилган.

Очиқ карьерларда ишлайдиган самосваллар мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши, шунингдек, оғир юк машиналари ва махсус техникалар учун алоҳида давлат рақамлари жорий қилиниши кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасига кўра, алоҳида рўйхатдан ўтказиш рақамлари қуйидаги транспорт воситаларига берилади:

  • Умумий оғирлиги 44 тоннадан юқори бўлган N3 ва О4 тоифали юк ва махсус транспорт воситаларига;
  • Карьерларда ишлайдиган самосвалларга.

ИИВ маълумотларига кўра, сўнгги 15 йил ичида мамлакатдаги юк автомобиллари сони 146 мингдан 391 мингга ошган. Бу йўлларга тушадиган юкламанинг ошишига олиб келди ва йўл инфратузилмасининг барқарорлиги учун жиддий муаммога айланди.

Ҳукумат оғирлиги 44 тоннадан юқори бўлган юк машиналарини алоҳида фарқловчи рақамлар орқали транспорт оқимидан ажратиб олишни таклиф қилмоқда.

Бундан ташқари, оғир юк машиналарининг тунги вақтда йўл ёқаларида тўхтаб туриши учун жавобгарлик жорий этиш ҳам режалаштирилган. Фақатгина 2024 йилда бундай ҳолатлар 113 та йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлиб, уларда 47 киши ҳалок бўлган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳужжатнинг қабул қилиниши нормативларга мос келмайдиган транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш, йўлларнинг хизмат муддатини узайтириш ва трассаларда юк машиналарининг тунги тўхташ жойлари билан боғлиқ авариялар сонини камайтириш имконини беради.

Янги рақамлар қандай кўринишда бўлади?

  • I3 типи (“YUK”) – умумий оғирлиги 44 тоннадан юқори бўлган N3 тоифали юк ва махсус автомобиллар учун. Рақам қизил фонга эга бўлиб, ҳарфлар ва рақамлар оқ рангда ёзилади, чап томонда – ҳудуд коди, ўнг томонда – Ўзбекистон байроғи ва «UZ» белгиси бўлади.
  • I5 типи (“KON”) – карьер самосваллари учун. Дизайни юқоридагига ўхшаш: қизил фоноқ рақамлар ва ҳарфларҳудуд коди ҳамда «UZ» белгиси туширилган байроқ.

*«K» ҳарфи ўрнига транспорт воситалари сонига қараб «L», «M», «O» ва бошқа ҳарфлар ишлатилиши мумкин.