
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси партиялари фракциялари 2025 йил 8 сентябрь куни одамнинг фото- ёки видеога олиниши ва унинг тасвиридан фойдаланишдан олдин розилик олишни мажбурий этувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси матбуот хизматлари хабар берди.
«Ахборот-коммуникация асрининг жадал ривожланиши шароитида шахс тасвиридан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда уни амалга ошириш механизмлари мавжуд эмаслиги туфайли шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи баъзи ҳолларда чекланмоқда», — дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, одамни суратга олиш ва унинг тасвиридан фойдаланиш фақат унинг розилиги билан амалга оширилади. Агар шахс муомала лаёқатига эга бўлмаса, розилик унинг қонуний вакилидан олиниши керак. Агар шахс вафот этган бўлса ва ҳаётлигида розилик бермаган бўлса, унинг тасвиридан меросхўрлари фойдаланиши мумкин.
Лойиҳада болаларнинг мустақил ҳуқуқ субъекти сифатидаги мақоми алоҳида кўрсатилган:
- 16 ёшгача — розиликни ота-она ёки қонуний вакиллар беради;
- 16 ёшдан бошлаб — ўсмирлар қарорни мустақил равишда қабул қилади.
Қонун лойиҳаси ташаббускорлари видеокузатув вақтида шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлашга қўйиладиган талабларни белгилашни таклиф қилмоқда. Хусусан, камералар ўрнатилган бино ва иншоотларга огоҳлантирувчи белгилар ўрнатиш мажбурий этиб белгиланиши таклиф қилинмоқда.
Лойиҳада, шунингдек, розилик бермасдан суратга олиш ва тасвирдан фойдаланишга рухсат берилган ҳолатлар рўйхатига аниқлик киритилмоқда, дейилади хабарда.
Амалдаги тартибга кўра, партия фракцияларида муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишга киритилади (умуман олганда, қонун лойиҳаси 3 та ўқишдан ўтиши керак, шундан сўнг у Сенатга, сўнгра президентга имзолаш учун юборилади).
Адлия вазирлиги 2020 йил февраль ойида муҳокама учун шунга ўхшаш қонун лойиҳасини эълон қилган эди. Ўшанда ҳужжат 48 та эътирозни йиққан, аксарият изоҳловчилар сўз эркинлигига таҳдид солиши мумкинлиги сабабли қонун лойиҳасига қарши бўлган.
2025 йилнинг март ойида Адлия вазирлиги фуқароларни уларнинг рухсатисиз суратга олишга тақиқ жорий этиш таклифи билан яна бир қонун лойиҳасини эълон қилди. Агар 5 йил олдин фуқаро тасвиридан фойдаланиш уни тарқатиш, қайта ишлаш ва намойиш этиш деб тушунилган бўлса, энди бу тушунча маълумотларни ошкор этиш, сақлаш ва нашр қилишни ҳам қамраб олиши мумкин.