
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 18 март куни Нарпай туманида ўтказилган Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда туризм соҳасидаги вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди.
Давлат раҳбари халқаро туризм бозоридаги ноаниқлик шароитида Ўзбекистонни хавфсиз туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли кампания йўлга қўйилишини таъкидлади.
«Кўриб турибсизлар, дунёдаги беқарорлик сабабли логистика занжирларининг узилиши, нефть нархи ва транспорт харажатларининг ошиши озиқ-овқат маҳсулотлари нархига қонуний равишда таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, 100 миллионга яқин турист саёҳат қилиш учун тинч ва хавфсиз давлатларни қидирмоқда. Бундай шароитда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳокимларнинг асосий вазифаси бўлиши керак», — деди.
Ушбу ишлар доирасида саёҳат қилиш учун энг қулай давр бўлган апрель-июнь ойлари учун алоҳида дастур тайёрланади ва «Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми» эълон қилинади.
Авиаташувларни рағбатлантириш учун молиявий чоралар кўзда тутилган: янги йўналишларни очган авиакомпанияларга ҳар бир жалб қилинган хорижлик турист учун 100 доллардан тўланади. Бундан ташқари, уларга аэропорт хизматлари учун 20 фоизлик чегирма тақдим этилади.
Туроператорларга ҳам қўллаб-қувватлов кўрсатилади. 1 апрелдан бошлаб уч ой давомида уларга ҳар 1000 нафар жалб қилинган хорижлик турист учун 5000 долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми кэшбэк шаклида қайтарилади.
Шунингдек, мамлакатни ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарғиб қилиш режалаштирилган: обуначилари сони 5 миллиондан ортиқ бўлган 50 нафар хорижлик блогерга Ўзбекистон бўйлаб бепул етти кунлик турпакетлар тақдим этилади.
Президент тадбирлар туризмининг муҳимлигини таъкидлади. Хусусан, Самарқандда жорий йилнинг ўзида камида 5 та дунёга машҳур артистнинг гастролларини, шунингдек, 10 та бизнес-форум ва мода фестивалларини ўтказиш режалаштирилган.
Илмий ва ишбилармонлик туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Самарқанд аниқ ва табиий фанлар бўйича олимпиадалар, форумлар ва илмий конференциялар ўтказиладиган хабга айланиш салоҳиятига эга экани қайд этилди.
Бунга мисол сифатида 2028 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро астронавтика конгресси келтирилди. Ҳозирданоқ 100 дан ортиқ мамлакатдан 10 мингга яқин киши унда иштирок этиш истагини билдирган.
Масъулларга халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ушбу йўналиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш топширилди. Кўрилаётган чора-тадбирлар ҳисобига йил якунигача Самарқандга келувчи туристлар оқимини 6 миллион кишига етказиш мақсад қилиб қўйилган.