Ўзбекистон Nvidia иштирокида Сунъий интеллект бўйича илғор тажриба маркази ва кластерларини яратади

Ўзбекистон америкалик процессор ишлаб чиқарувчи Nvidia’ни сунъий интеллектни таълимга жорий қилишга, олийгоҳлар, саноат ва давлат секторлари учун сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантиришга жалб қилмоқчи. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазир Шерзод Шерматов АҚШда компания раҳбарияти билан учрашув чоғида мазкур мавзуларни муҳокама қилди.

«Вазирлик 2026 йилгача умумий ҳисоблаш қуввати 1 МВт гача бўлган 2 та сунъий интеллект кластерини яратиш учун техник базани ишлаб чиқиш ва баҳолашни режалаштирмоқда. Улардан бири таълим ва илмий мақсадлар учун, иккинчиси – рақамли ҳукумат, соғлиқни сақлаш ва саноат соҳаларида сунъий интеллект лойиҳаларини амалга ошириш учун мўлжалланган. Ушбу лойиҳалар мавжуд инфратузилма имкониятларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида келишувлар асосида амалга оширилади», – дея қайд этилди Рақамли технологиялар вазирлигида.

Шунингдек, Ўзбекистон Nvidia технологиялари ва таълим дастурлари асосида Сунъий интеллект соҳасида илғор тажриба марказини (AI Excellence Center) ташкил этишни режалаштирмоқда. У ўқитувчиларни тайёрлаш ва мутахассисларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади. 2026 йилда ишга туширилиши кутилаётган марказга 3 млн долларга яқин маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилда саноат корхоналари, банклар ва давлат ташкилотларида қўшимча Nvidia AI инфратузилмасини жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бунинг учун тахминан 1 МВт қувват ва зарур молиявий ресурслар ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа алоҳида келишувлар асосида амалга оширилади.

Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг етакчи олийгоҳларини Nvidia суперкомпьютер инфратузилмаси билан таъминлаш ташаббуси ҳам кўриб чиқилмоқда. Харид жараёнлари 2025 йилнинг IV чорагига режалаштирилган.

Олийгоҳларнинг ўқув дастурларига босқичма-босқич сунъий интеллект йўналишларини киритиш режалаштирилган. Бундан ташқари, мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, Nvidia Deep Learning Institute дастурлари бўйича ўқитувчиларни ўқитиш ва малакасини ошириш ҳам режалаштирилган.

«Nvidia технологияларига асосланган биринчи кичик кластер аллақачон Ўзбекистонга етиб келди. Биз кейинги кластер бўйича келишув имзоладик ва янги босқичлар бўйича ҳужжатларни тайёрламоқдамиз. Nvidia билан ҳамкорлик нафақат чипларни етказиб беришни, балки илмий-тадқиқот йўналишида ҳам қўшма ишларни ўз ичига олади», — деди вазир Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида.

У, шунингдек, Ўзбекистон ҳамкорлик ўрнатаётган Juniper Networks, Datavolt, Super Micro ва бошқа компанияларни ҳам қайд этди. Вазир сунъий интеллект масалаларида ChatGPT, Gemini ёки Claude каби платформаларда ўзбек тилининг мавжудлигини таъминлаш муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

«Бунинг учун ўзбек маълумотларини тизимлаштириш ва белгилаш – data labeling деб аталадиган жараён зарур. Бу билан барча етакчи сунъий интеллект компаниялари учун маълумотларни тузилмалаштирувчи Scale AI компанияси шуғулланади. Биз улар билан ўзбек тилидаги маълумотлар билан ишлаш имкониятини муҳокама қилдик. Президентнинг АҚШга ташрифи чоғида давлат раҳбари барча тегишли ташкилотларга ушбу маълумотларни тақдим этишни топширган эди. Улар тизимлаштирилгандан сўнг, маълумотлар глобал сунъий интеллект тизимларига интеграция қилинади ва келажакда сунъий интеллект ўзбек тилини яхшироқ тушуна олади ва гапира олади», — деди вазир.

Бош қароргоҳи Сан-Францискода жойлашган Scale AI 2016 йилда ташкил этилган. Компания давлат тузилмалари, технологик компаниялар ва корхоналар томонидан фойдаланиладиган генератив сунъий интеллект учун етакчи маълумот етказиб берувчилардан бири ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтондаги учрашувда Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay глобал тўлов тизимларини ишга тушириш, шунингдек, рақамли академиялар ва стартап-хаблар тармоғини яратиш режаларини маълум қилган эди.