
2025 йилнинг февраль ойида Нукусдаги хусусий боғчада болаларга нисбатан қилинган шафқатсиз муносабат ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда муассаса ходимлари кичик гуруҳ тарбияланувчиларига нисбатан зўравонлик ишлатгани акс этган видеоёзувлар тарқалган эди. Кадрларда болаларни силтаб ташлаш, тепиш, шиппак билан бошига уриш ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш акс этганди.
Қорақалпоғистон прокуратураси ўшанда воқеалар 2024 йилнинг ноябрь ойида содир бўлганини маълум қилган эди. Унда тарбиячи Р. Ш. ва тарбиячи ёрдамчиси С. Д. иштирок этган.
Болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ишини жиноят ишлари бўйича Шўманай туман суди кўриб чиқди. 2025 йил 17 декабрь куни тарбиячилар Р. Ш. ва С. Д. мос равишда 3 йил ва 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. Суд 2024 йилда Disney kids боғчасининг энг кичик гуруҳидаги болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик тизимли равишда амалга оширилганини аниқлади.
Болалар боғчаси хусусий муассаса сифатида фаолият юритган, бироқ ундаги ички жараёнлар расмиятчилик учун ташкил этилган: ходимлар бир лавозимга расмийлаштирилиб, амалда бошқа вазифаларни бажарган; уларнинг иши устидан назорат номигагина олиб борилган. Ота-оналар хоналарда ўрнатилган видеокузатув камераларини масофадан кўриш имкониятига эга бўлмаган.
Тарбиячи Р. Ш. кичик гуруҳ болаларини парвариш қилиш билан бевосита шуғулланган. Суд унинг узоқ вақт давомида тарбияланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатганини аниқлади: у болаларни қўли ва оёғи билан урган, сочларидан силтаган, полга отган, бошига, жумладан, оёқ кийими билан зарбалар берган.
Энг оғир ҳолат 2023 йилда туғилган А. К. исмли бола билан содир бўлган. 2024 йил сентябрь ойида бир ярим ёшли бола ўйин хонасида йиғлаган. Иш материалларига кўра, тарбиячи бола бошининг орқа қисмига урган, сўнгра бошига яна бир неча бор зарба бериб, йиғисига эътибор бермай стулга ўтирғизиб қўйган. Кейинчалик болада ҳаёт учун хавфли бўлган сурункали субдурал гематома (бош мия қон талашиши) ташхиси қўйилган.
Суд-тиббий экспертизаси бундай жароҳат бир лаҳзада юзага келмаслигини кўрсатди. У маълум вақт давомида бош қисмига такрорий жароҳатлар етказилиши натижасида шаклланади. Ушбу хулоса зўравонлик тизимли бўлгани ва аниқланган ҳолатдан анча олдин бошланганининг исботи бўлди.
Тарбиячи ёрдамчиси С. Д. ҳам болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишда айбдор деб топилди, гарчи унинг роли нисбатан енгилроқ баҳоланган бўлса-да. У ҳам жисмоний куч ишлатгани, болаларни қўли билан ургани, болани полда ушлаб туриб, йиғиси ва қаршилигига қарамай мажбурлаб овқатлантиргани аниқланди. Судда у болаларни калтакламаганини, балки уларни тинчлантиришга ҳаракат қилганини иддао қилди, бироқ видеоёзувлар ва жабрланувчи ота-оналарнинг кўрсатмалари бу версияни инкор этди.
Видеокузатув камераларидаги ёзувлар иш бўйича асосий далил бўлди. Боғчадаги камералар таъсисчилардан бири томонидан ўрнатилган бўлса-да, узоқ вақт давомида архивни ҳеч ким кўриб чиқмаган. Фақат 2024 йил охирида ускуналар олиб кетилган ва 2025 йил январь ойида ёзувлар кўрилганда болаларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳолатлари аниқланган. Аввалига видео боғча раҳбариятига кўрсатилган, кейин эса материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган. Кейинчалик ёзувлар очиқ тармоқларга сизиб чиқиб, жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Видеоёзувлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгунга қадар ота-оналар болаларнинг хулқ-атворидаги хавотирли ўзгаришларни пайқашган, аммо буни боғча билан боғлашмаган. Судда улар болалар ёмон ухлай бошлаганини, кечаси бақириб уйғониб кетишини, боғчага боришдан бош тортишини, тажовузкор бўлиб қолганини ёки аксинча, ўз ичига қамалиб қолганини сўзлаб беришди. Айрим болалар ўз бошига урадиган бўлиб қолган, баъзиларида нутқ нуқсонлари кузатилган. Боғча маъмурияти кўкариш ва шилинишларни «йиқилиб тушиш» ва «болаларнинг шўхлиги» билан изоҳлаб келган.
Деярли барча ота-оналар ўша пайтда болалари ҳали гапиришни билмаслиги ва бошидан ўтганларини айтиб бера олмаслигини таъкидлашди. Кўпчилик зўравонлик кўламини фақат видеоёзувларни кўрганидан кейингина англаб етган. Судда жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари судланувчиларни кечириш ниятида эмасликларини ва ҳақиқий жазо берилишини талаб қилишларини билдиришди.
Р. Ш. тергов давомида куч ишлатганини тан олди, лекин ўз ҳаракатларини стресс, 12 соатлик иш куни ва шахсий муаммолари билан оқлашга ҳаракат қилди. У пушаймонлигини билдириб, енгиллик сўради. С. Д. айбига қисман иқрор бўлди.
Суд ҳаракатларнинг мунтазамлиги, характери ва шафқатсизлиги буни тасодиф ёки бир марталик руҳий толиқиш деган версияни истисно қилишини кўрсатди ва ҳар икки ходимни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а», «в» бандлари (Вояга етмаган шахсни қийнаш; айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш) билан айбдор деб топди. Бундан ташқари, Р. Ш. болалардан бирида гематома аниқланганидан сўнг ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан ҳам айбдор деб топилди.
Жабрланувчилардан бирининг отаси Эркин Раҳимов болалар боғчаси фаолиятини давом эттираётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, муассаса мудираси суд томонидан зўравонлик бир неча ой давом этгани аниқланганига қарамай, бўлаётган ишлардан хабари бўлмаганини иддао қилган. Шу билан бирга, Раҳимовнинг қайд этишича, боғча раҳбарияти учун ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар юзага келмаган.
У суд қарори устидан апелляция шикояти бермаган. Раҳимов бу қарорини ҳукм қайта кўриб чиқилишига ишонмагани билан изоҳлади. Бироқ жабрланган боланинг отаси фуқаролик судига болалар боғчаси устидан шартнома шартларини бажармаганлик учун моддий ва маънавий зарарни қоплаш талаби билан даъво аризаси киритган.