
Нотариуслар никоҳ шартномаларини нафақат нотариал идора биносида ва сайёр тартибда, балки видеоконференцалоқа орқали ҳам расмийлаштиришлари мумкин бўлади, деб хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати. Ушбу низомни тасдиқлаш тўғрисидаги 5 январдаги буйруқ Lex.uz порталида эълон қилинди.
Аризани онлайн тарзда топшириш
Фуқаролар никоҳ шартномасини тасдиқлаш учун аризани бевосита топширишдан ташқари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва E-notarius.uz ахборот портали орқали юборишлари мумкин.
Электрон мурожаатлар электрон рақамли имзо ёки Face ID орқали тасдиқланади. Нотариус электрон мурожаатни бир иш куни ичида кўриб чиқиши шарт.
Хизматлар учун тўлов
Тўловлар миқдори автоматик равишда ҳисобланади. Ариза берувчига инвойс берилади ва сумма, тасдиқлаш коди ҳамда Адлия вазирлигининг «ишонч телефони» рақами кўрсатилган СМС-хабар юборилади.
Шартнома фақат тўлов амалга оширилганидан ва ариза берувчи нотариусга тасдиқлаш кодини айтганидан кейин тасдиқланади. Шартнома лойиҳаси тайёр бўлгач, томонлар ҳужжатни расмийлаштиришни якунлаш учун таклиф қилинади.
Шартномани имзолаш
Шартномани тасдиқлашда нотариус никоҳ ёшига етганликни, томонлар ўртасида, шунингдек, бошқа фуқаролар билан никоҳ мавжудлигини ҳамда шартнома илгари тузилган-тузилмаганини текширади.
Агар никоҳ қайд этилмаса, шартнома ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.
Низомга кўра, нусхалар нотариус ҳузурида фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ кўрсатилган ҳолда шахсан имзоланади.
Видео-конферен-цалоқа орқали хизмат кўрсатиш
Адлия вазирининг 2026 йил 5 январдаги буйруғига биноан, никоҳ шартномасини расмийлаштириш учун нотариус хизматидан видео-конференц-алоқа орқали фойдаланиш мумкин. Бундай формат E-notarius.uz портали ва «Нотариус» автоматлаштирилган тизими орқали қўлланилади.
Иштирокчиларнинг шахси электрон маълумотлар ва биометрик идентификация ёрдамида масофадан туриб аниқланади. Ҳуқуқий лаёқат давлат ахборот ресурслари орқали текширилади, муомала лаёқати эса нотариус томонидан видео-алоқа пайтида баҳоланади. Руҳий ҳолатга шубҳа туғилганда ёки иштирокчилардан бирига тазйиқ ўтказилаётгани аниқланганда нотариал ҳаракат қолдирилади.
Видео-алоқа пайтида хонада бегона шахслар бўлмаслиги керак, нотариус хонани кўздан кечиришни талаб қилишга ҳақли. Ҳуқуқлар ва оқибатлар тушунтирилгач, нотариус тасдиқловчи ёзувни расмийлаштиради ва ҳаракатни тизимда қайд этади.
Жараённинг видеоёзуви сақланади ва нотариал ҳаракатни тасдиқлаш учун ишлатилади. Ҳужжатларнинг асл нусхалари ариза берувчига шахсан ёки курьер орқали топширилади.
Оила кодексига кўра, никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Уни никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар ҳам, никоҳ даврида ҳам тузиш мумкин.

