
Ўзбекистонда 1 миллион норасмий иш ўрнини легаллаштириш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 2026 йил 5 февралдаги аҳоли даромадларини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.
Ишга ёллашдаги қоидабузарликлар назорати
2026 йил 1 мартдан бошлаб норасмий бандлик ҳолатлари ва иш ҳақининг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан паст даражада тўланиши Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингида балларни пасайтирувчи қўшимча мезонлар сифатида ҳисобга олинади.
Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги 2024 йилдан жорий этилган бўлиб, у бизнесни тоифаларга ажратишни ҳамда даражасига қараб рағбатлантириш усулларини ўз ичига олади.
Давлат меҳнат инспекцияси аниқланган норасмий ишга жойлаштириш ҳолатлари бўйича иш берувчиларга «Ягона миллий меҳнат тизими»даги шахсий кабинет орқали огоҳлантиришлар юборади. Ҳужжатда айтилишича, норасмий бандлик ҳолатларини ҳоким ёрдамчилари «инвентаризация» жараёнида аниқлайдилар.
Агар қоидабузарликлар уч иш куни ичида ихтиёрий равишда бартараф этилмаса, бу инспекция томонидан текширув ўтказиш учун асос бўлади.
Бироқ, агар норасмий бандлик факти аниқланган кундан бошлаб бир ой ичида иш берувчи ходим билан меҳнат шартномаси тузса ва иш ҳақини тўлиқ тўлаб берса, у маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
Ҳоким ёрдамчилари «инвентаризация»ни қандай ўтказиши ҳақида Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига сўров юборилди. Вазирликдан маълум қилишларича, ҳоким ёрдамчилари ўзларига бириктирилган маҳаллалардаги ташкилотларда норасмий бандликни қисқартириш бўйича профилактика тадбирларини ўтказадилар.
Профилактика давомида иш берувчиларга норасмий бандликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилади. Ҳоким ёрдамчилари, шунингдек, Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтган ходимлар сонини уларнинг амалдаги сони билан солиштирадилар. Аниқланган норасмий бандлик ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар Давлат меҳнат инспекциясига юборилади.
Профессионал таълим
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январгача профессионал таълим сифатини ошириш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашга қаратилган субсидиялар жорий этилади.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари учун субсидиялар ажратади. Уларга профессионал таълим бўйича халқаро тан олинган сертификатларни олиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорларга баҳолаш воситаларини сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан (82,4 млн сўм) ортиқ бўлмаган миқдорда компенсация қилинади.
Аввал хабар берилганидек, 2025 йилда норасмий бандлик даражаси 2017 йилдаги кўрсаткичга (ишлаётган аҳолининг 60 фоизи ёки 7,9 млн киши) нисбатан деярли икки бараварга — 38 фоизгача (5,4 млн киши) қисқарди.