
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2025 йил 19 август куни бўлиб ўтган йиғилишда давлат хизматчиларининг ноқонуний қарорлари туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди, дея хабар берди парламент қуйи палатаси.
Ҳужжат давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарни қоплаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Қонунга кўра, суднинг қонуний кучга кирган қарори билан тасдиқланган маънавий ва моддий зарар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий компенсация жамғармалари ҳисобидан қопланади. Келгусида тегишли суммалар айбдор мансабдор шахслардан регресс тартибида ундирилади.
Депутат Абдуманоп Буриев қонунга регресс ҳуқуқига оид нормалар киритилганини таъкидлади. Хусусан, 16-моддада айбдор шахс аниқланмаган ҳолларда зарарни давлат органи томонидан қоплаш назарда тутилган. Шу билан бирга, 12-моддада айбдор шахс маълум бўлган тақдирда зарарни қоплаш тартиби белгиланган. Шундай қилиб, қонунчиликда давлат органлари ҳамда юридик ёки жисмоний шахслар ўртасидаги эҳтимолий низоларни ҳал этишнинг ҳар икки механизми ҳам мустаҳкамланган.
Давлат органларининг ноқонуний қарорларидан етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида депутатлар давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларида компенсация учун етарли маблағ бўлмаган тақдирда вазият қандай ҳал этилиши ҳақида савол кўтаришди.
Буриевнинг тушунтиришича, бундай ҳолларда зарар аввал компенсация жамғармаси томонидан қопланади, шундан сўнг тегишли давлат органидан регресс тартибида ундирилади. Агар унинг бюджетдан ташқари жамғармаларида маблағлар етарли бўлмаса, харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритиш ва тегишли модда бўйича бюджет маблағлари ҳисобидан зарарни қоплашга рухсат берилади.
Унинг сўзларига кўра, ушбу норма янгилик эмас — шунга ўхшаш тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 120-сонли қарорида аллақачон мустаҳкамланган ва энди қонунда ўз аксини топган.
Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоиловнинг таъкидлашича, ушбу қонунда нафақат ҳуқуқий нормалар, балки ҳудудий компенсация жамғармалари ва улар қошидаги кузатув кенгашларини ташкил этиш бўйича иқтисодий ва ташкилий нормалар ҳам назарда тутилган.
«Бунда суд ҳокимияти ваколатларига ҳеч қандай тарзда дахл қилинмайди. Энг муҳими, эртага одам бу кафолатни — давлат кафолатини ҳис қилиши керак. Чунки давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатларини амалга оширар экан, қарорлар қабул қилади, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликка йўл қўяди. Бундай ҳолларда давлат компенсацияни кафолатлаши шарт. Шу сабабли, бу қонун энг муҳимларидан биридир», — деди.
Депутатлар бир овоздан Сенатга кўриб чиқиш учун юборилган қонунни қабул қилди.