
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистоннинг икки вилоятида болаларга ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари қайд этилган.
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида 24 ёшли эркак 2023 йил март ойидан бери ўз уйида моддий мукофот эвазига 9 нафар вояга етмаган болаларга диний таълим бериб келган. Бундан ташқари, машғулотлар давомида у болаларни калтак билан урган, буни болаларнинг юзлари ва танасидаги кўкаришлар ва тан жароҳатлари излари тасдиқлайди, дейилади хабарда.
Вояга етмаганларнинг тан жароҳатлари оғирлик даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланди. Жабрланганларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 3-қисми (ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандини диний таълимга ноқонуний жалб қилиш) бўйича баённома тузилди.
Шу каби ҳолат Наманган вилоятининг Янги Наманган туманида ҳам аниқланди. 57 ёшли эркак жорий йилнинг июль ойидан бошлаб ўз уйида 17 нафар вояга етмаган болаларга ҳар биридан 100 доллар олиб, таълим бериб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган ва терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Ота-оналарга нисбатан ҳам МЖТКнинг 47-моддаси бўйича жавобгарлик чоралари қўлланилган.