
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия ва компенсацияларни тайинлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда. Бу президентнинг 2025 йил 27 майдаги қарорида назарда тутилган.
2025 йил 1 июлдан бошлаб тўловлар автоматик тарзда — проактив шаклда тайинланади. I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда маблағ олиш учун алоҳида мурожаат талаб этилмайди. Бундан ташқари, фуқаро проактив шаклда тайинланган пенсиядан воз кечиши мумкин бўлади.
Шунингдек, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларга, ядро полигонлари ва бошқа радиацион-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсациялар автоматик тарзда ҳисобланади. Маълумотлар электрон маълумот алмашинуви асосида олинади.
Ногиронлиги бўлган фуқаронинг пенсия тайинлангандан сўнг камида бир йиллик иш стажи мавжуд бўлса, унинг пенсия миқдори ҳар икки йилда автоматик тарзда қайта ҳисобланади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб Халқ банкида пенсияларни нақд пул шаклида беришда Face-ID биометрик идентификация ва электрон рақамли имзолардан фойдаланиш бошланади. Тўлов олувчилар тўлов ведомостларини планшетда электрон шаклда имзолашлари мумкин бўлади. Адлия вазирлиги Пенсия жамғармаси ва Халқ банкининг электрон сўрови асосида биометрик идентификация учун маълумотларни тақдим этади.
2025 йил 1 октябрга қадар фуқароларнинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги электрон маълумотлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича маслаҳат бериш ва ёрдам кўрсатиш хизматини жорий этиш топширилди. Шунингдек, коррупцион схемаларнинг олдини олиш учун call-марказ ишга туширилади.
Аввалроқ, пенсия ёшига етган фуқаролар учун ҳам пенсиялар автоматик тарзда ҳисобланиши хабар қилинган эди. Молиявий тўловларнинг тайинланиши ва миқдори ҳақида SMS-хабар орқали маълум қилинади.