
Ногиронлиги бор, калтакланган йигит акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Роликни тасвирга олган аёл Сирдарё вилояти Боёвут туманида яшаши, ўғли эса Тошкентда зўравонликка учраганини айтган.
«Ўғлим иккинчи гуруҳ ногирони. Уни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 7-сонли поликлиника ёнидаги техникумга (Имконияти чекланган шахслар учун 2-сон ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби – таҳр.) ўқишга, касб ўрганишга юборгандим. У атиги 3 ҳафта ўқиди. 2025 йил 29 сентябрь куни ўғлимни олиб кетиш учун борганимда, уни шундай ҳолатда топдим: ҳамма жойи кўкарган, калтак излари бор. Унинг айтишича, уни кўкрагига мушт билан уришган, орқасига эса камар билан уришган. Ваҳшийларча калтаклашган, тишини синдиришган. Юзи шишган, бугун энди кўзи очилибди», – деди она.
Унинг сўзларига кўра, уч кундан бери содир бўлган воқеа ҳақида маълумот ололмаяпти – ҳеч ким нима бўлганини ва йигитни ким калтаклаганини айтмаган.
«Илтимос, менга ёрдам беринглар. Улар фарзандимнинг соғлиғи ва келажаги учун қилган барча саъй-ҳаракатларимни беқадр қилишмоқда», – деб мурожаат қилган аёл.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Х.Г. исмли фуқародан ташкилотга мурожаат келиб тушганини маълум қилди. Аёлнинг сўзларига кўра, сентябрь ойида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги техникумда таҳсил олаётган, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган вояга етмаган ўғли Р.Ф. айнан шу ўқув муассасаси деворлари ичида жисмоний зўравонликка учраган.
«Ушбу факт юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Олинган тан жароҳатларини баҳолаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган», – деди Сурайё Раҳмонова ва вазият ривожини кузатишда давом этишини қўшимча қилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳодисага изоҳ берар экан, вазиятни ҳар томонлама ва холис ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳи тузилганини маълум қилди. Ҳозирда у воқеа жойида маълумотларни тўпламоқда.

