
Гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 2026 йил 25 февралдан 6 мартгача Чехияда бўлиб ўтган Prague International Chess Festival 2026 шахмат турнирида ғалаба қозонди. Бу Абдусатторов учун 2024 йилдан кейинги Прагадаги иккинчи чемпионлик унвони бўлди (у 2025 йилги мусобақада иштирок этмаган эди).
«Умуман олганда, ўз иштирокимдан жуда мамнунман. Бирорта ҳам партияда мағлуб бўлмадим, учтасида ғалаба қозондим, қайсидир паллада омадим ҳам келди, шунингдек, Винсентни [германиялик Винсент Кеймер] мағлуб этиб, кўпроқ очко жамғаришга муваффақ бўлдим, чунки менда яхши устунлик бор эди. Хуллас, бу мен учун жуда мувозанатли турнир бўлди деб ўйлайман», — дея ўйин жараёнини шарҳлади Нодирбек Абдусатторов.
Тўққизинчи, якуний турда ўзбекистонлик шахматчи оқ доналарда америкалик Ханс Ниманнга қарши ўйнади. Партия 34-юришда дуранг билан якунланди.
Абдусатторов, шунингдек, финал тури одатдагидан тўрт соат олдин бошланганига ҳам изоҳ берди: «Мен эрта уйғонувчи одамман, шунинг учун эрталаблари яхши ҳолатда бўлиш мен учун табиийдир».
Турнир якунларига кўра Абдусатторов 9 имкониятдан 6 очко жамғарди — у учта ғалаба ва олтита дуранг қайд этди. Унинг ғалабалари орасида амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу билан бўлган партия ҳам бор.
Турнирда узоқ вақт пешқадамлик қилган нидерландиялик шахматчи Йорден ван Форест охирги икки турда мағлубиятга учраб, биринчи ўринни эгаллаш имкониятини қўлдан бой берди.
Иккинчи ўринни Парҳам Мақсудлу (Эрон), учинчи ўринни эса Аравинд Читамбарам (Ҳиндистон) эгаллади. Иккаласи ҳам 5 очкодан жамғаришди.
Ўзбекистоннинг яна бир вакили Нодирбек Ёқуббоев 4,5 очко тўплаб, олтинчи ўринни эгаллади.
Бу Нодирбек Абдусатторовнинг классик супертурнирлардаги кетма-кет учинчи ғалабаси — бундан аввал у нуфузли Tata Steel Chess 2026 ва London Chess Classic турнирларида зафар қучган эди.
Турнир якунида у дунёнинг онлайн-рейтингида 2780,3 очко билан тўртинчи ўринга кўтарилиб олди.
