Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

НКМК фойдаси 3,5 млрд долларга, тушуми эса 10,8 млрд долларга етди

Ўзбекистоннинг энг йирик корхонаси — Навоий кон-металлургия комбинати 2025 йил якунларига кўра соф фойдасини 3,5 млрд долларга етказди, бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан ($2,1 млрд) 64 фоизга кўп. Бу ҳақда компаниянинг МҲСҲ бўйича молиявий ҳисоботида келтирилган.

Тушум 46,4 фоизга ошиб, 10,8 млрд долларни ташкил этди, операцион фойда эса 58 фоизга — 6,2 млрд долларгача ўсди. Тузатилган EBITDA кўрсаткичи 6,95 млрд долларга (+52,4%) етди, EBITDA маржаси эса 61,7 фоиздан 64,2 фоизга кўтарилди.

Олтин ишлаб чиқариш ҳажми 3,156 млн трой унциясини (98,2 тонна) ташкил этди, бу 2024 йилга нисбатан (3,08 млн унция) 1,9 фоизга кўп Ўсиш руда қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмининг ошиши ҳисобига таъминланди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва қўллаб-қувватлаш учун жами пул харажатлари (AISC) 38,7 фоизга — бир унция учун 979 доллардан 1358 долларгача ошди. Компания буни олтин нархи юқорилиги фонида роялти тўловларининг ўсиши, кончилик ишлари ҳажмининг кенгайиши ва материаллар харажатлари инфляцияси билан изоҳлади.

2025 йилда Лондон қимматбаҳо металлар бозорида олтиннинг ўртача нархи 2024 йилдаги 2388,98 долларга нисбатан бир трой унцияси учун 3439,54 долларни (+44%) ташкил этди.

Инвестициялар (Cash CAPEX) 1 млрд доллардан ошди (+11,5%). Маблағлар ишлаб турган конлар қувватини кенгайтириш ва ресурс базасини кўпайтириш учун геология-қидирув ишларини ривожлантиришга йўналтирилди.

Компаниянинг қарз юки яхшиланди: соф қарзнинг EBITDA’га нисбати 0,5х дан 0,3х гача пасайди. 2025 йил охирига келиб, қарз портфели 2025 йил май ойида Лондон фонд биржасида жойлаштирилган 500 млн долларлик еврооблигацияларни ҳамда 2024 йил октябрида чиқарилган 1 млрд долларлик евробондларни ўз ичига олган.

Компания 2024 йилдаги 1,7 млрд долларга нисбатан 3,2 млрд доллар миқдорида дивиденд тўлади (+84,7%). Бунга қўшимча равишда, 2026 йилнинг январь-март ойлари давомида комбинат яна 248 млн доллар тўланишини эълон қилди.

Тўғридан-тўғри дивидендлардан ташқари, компания давлат органларининг топшириғига биноан хайрия ва ҳомийликка 92 млн доллар (2024 йилда $84 млн бўлган) йўналтирди.

Аввалроқ НКМК Лондон фонд биржасида ва ички бозорда IPO’га тайёрланаётгани хабар қилинган эди. Bloomberg агентлигининг 2025 йил август ҳолатига кўра берган баҳосига кўра, компания капиталлашуви қарзларни ҳисобга олган ҳолда қарийб 20 млрд долларни ташкил этиши мумкин.

Олтиндан тушган қўшимча даромадлар 2025 йилда солиқ тушумларининг муҳим манбаига айланди, шунинг фонида ҳукумат ўз харажатларини қўшимча равишда 41,2 трлн сўмга (3,43 млрд доллар) оширди.

2026 йил март ойида Ўзбекистон президенти тоғ-кон саноатидаги лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича топшириқ берди. 2030 йилга бориб олтин қазиб олишни 175 тоннага (ҳозирда қарийб 118,4 тонна), мис қазиб олишни эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган. НКМКга «Мурунтов» конини кенгайтириш ва инвесторлар билан ҳамкорлик механизмларини қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилган.