
Марказий Осиёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи ва дунёда олтин ишлаб чиқариш ҳажми бўйича тўртинчи ўринда турувчи Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) 2025 йил учун операцион натижаларини эълон қилди.
2025 йил якунларига кўра, НКМК маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 фоизга ошиб, 3,156 млн троя унциясини (98,2 тонна) ташкил этди. Бир йил аввал ушбу кўрсаткич 3,091 млн унция (96,1 тонна) бўлган эди. Қазиб олишнинг ўсиш суръатлари секинлашган (2024 йилда ўсиш 5,4 фоизни ташкил этган эди).
Ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми қиймат ифодасида 135,6 трлн сўмга (Марказий банкнинг амалдаги курси бўйича қарийб 11,2 млрд доллар) етди, бу ўтган йилги 93,9 трлн сўмга нисбатан 44,4 фоизга кўп.
Инвестиция дастури доирасида 2025 йилда 561 млн доллар ўзлаштирилди, бу 2024 йилдагига нисбатан 29 фоизга кам. Янги лойиҳаларни амалга ошириш ва амалдаги қувватларни кенгайтириш ҳисобига 2628 та янги иш ўрни яратилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,4 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, тармоқлараро саноат кооперацияси бўйича эса 7,3 трлн сўмлик товар ва хизматлар харид қилинди.
НКМК аввалроқ компания бошқаруви таркибидаги ўзгаришлар ҳақида хабар берган эди. Меҳнат шартномаси муддати тугаши муносабати билан ва томонларнинг келишувига кўра, 2025 йил 31 декабрдан Евгений Антонов бош директорнинг трансформация бўйича биринчи ўринбосари ҳамда бошқарув аъзоси лавозимидан озод этилди.
2026 йил 1 январдан Жаҳонгир Ҳасанов бош директорнинг молия, трансформация ва хусусийлаштириш бўйича биринчи ўринбосари ҳамда бошқарув аъзоси этиб тайинланди. У илгари бош директорнинг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Fitch рейтинг агентлиги маълумотларига кўра, компаниянинг 12 та йирик қазиб олиш объекти, 7 та заводи ва 2 та уюмда ишқорлаш цехи мавжуд. Уларнинг барчаси Ўзбекистонда жойлашган. Компаниянинг энг йирик кластери бўлган Мурунтов кони ҳиссасига ишлаб чиқариш ҳажмининг қарийб 70 фоизи ва ресурс базасининг шунга яқин қисми тўғри келади.
НКМК ишлаб чиқарилган олтиннинг 90 фоиздан ортиғини Лондон қимматбаҳо металлар бозори нархида Марказий банкка, қолган қисмини эса Ўзбекистондаги заргарлик корхоналарига сотган. 2025 йилда компания 2030 йилгача ишлаб чиқаришни 30 фоизга оширишга қаратилган 3 млрд долларлик янги инвестиция дастурини ишга туширди.
2025 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистон 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баравар кўпдир.
Президент 2025 йил декабрь ойи охирида Ўзбекистонда олтин ва кумуш конларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилганини, бу рудани қайта ишлашни кўпайтириш ва 2030 йилгача олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага етказиш имконини беришини маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, олтин Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва бошқа хусусий компаниялар томонидан кичик конларда ҳам қазиб олинади.

