
Тошкентлик фуқаронинг уйида Нил тимсоҳи борлиги аниқланди, дея хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Эко назорат инспекцияси рейд ўтказди ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги маълумот ўз тасдиғини топди.
Тимсоҳ боласи Тошкент зоопаркига топширилди. Мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92-1-моддаси 1-қисми (Сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш) бўйича маъмурий баённома тузилди. Ушбу моддага кўра, фуқарога ҳайвонларни мусодара қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Иш бўйича йиғилган материаллар вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чоралар кўриш учун суд органларига юборилди.
Экология вазирлиги эслатиб ўтдики, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш тақиқланади.
Нил тимсоҳлари 5-6 метр ва ундан ортиқ узунликка етиши мумкин. Тошкент зоопарки уларнинг яшаши учун кенг сув ҳавзаси ва малакали парвариш зарурлигини таъкидлаган.
2022 йилда Тошкент аэропорти божхона хизмати томонидан 57 бош Нил тимсоҳи боласи мусодара қилинган ва улар ҳам пойтахт зоопаркига топширилган эди.