Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 30/03/2026

Ўзбекистонда никоҳнинг биринчи йилида ажрашиш чекланиши мумкин

Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси никоҳни бекор қилиш тартибига ўзгартириш киритиш ва оилани сақлаб қолиш механизмларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Муҳокама 2026 йил 10 апрелгача давом этади.

Ҳужжатни ишлаб чиқиш асоси ва уни қабул қилиш зарурати сифатида Бош вазирнинг 2025 йил 23 декабрдаги (№ 06/1-3381) топшириғи кўрсатилган.

Лойиҳага кўра, суд томонидан эр-хотинга ярашиш учун берилиши мумкин бўлган муддатни амалдаги олти ойдан бир йилгача ошириш таклиф этилмоқда. Бунда суд уч кун ичида маҳалла яраштириш комиссияларини «электрон ҳукумат» тизими орқали (ҳозирда ёзма равишда) хабардор қилиши шарт бўлади, токи улар оилани тиклаш чораларини кўрсинлар.

Шунингдек, ФҲДЁ органлари орқали ажрашиш тартибига аниқлик киритилмоқда. Агар ҳозирда ўзаро розилик асосида ажрашиш фақат вояга етмаган фарзандлар бўлмаган тақдирда амалга оширилса, эндиликда никоҳ тузилган пайтдан бошлаб камида бир йил ўтган бўлиши керак (оилавий зўравонлик ҳолатлари бундан мустасно).

Фуқаролик процессуал кодексига алоҳида норма киритилмоқда: агар никоҳ қайд этилган вақтдан бошлаб бир йил ўтмаган бўлса, судлар ажрашиш ҳақидаги аризаларни кўрмасдан қолдириши мумкин бўлади.

Ўзгартиришлар нима учун таклиф этилмоқда

Қўмитанинг тушунтириш материалларида қайд этилишича, амалдаги тизим ажрашиш сабабларини етарлича ўрганишни таъминламаяпти. Хусусан, ФҲДЁ органларида оилавий можароларнинг реал ҳолатлари ҳар доим ҳам ўрганилмайди, судлар эса кўпинча яраштириш комиссияларининг хулосаларисиз қарор қабул қилади.

Шу билан бирга, амалдаги олти ойлик ярашиш муддати етарли эмас деб аталмоқда. 2025 йилнинг 10 ойи давомида маҳаллалардаги комиссиялар ушбу муддатни узайтиришни 6520 марта сўраган, бироқ судлар барибир ажрашиш тўғрисида қарор чиқарган. 2025 йилда 2721 ҳолатда ажрашишлар яраштириш комиссияларининг хулосаларисиз расмийлаштирилган.

Тадқиқот

Оила ва гендер тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, маҳалла фаолларининг 55,2 фоизи ярашиш муддати узайтирилса, оилаларнинг бир қисми сақланиб қолиши мумкин деб ҳисоблайди. Ажрашганлар орасида ўтказилган сўровда респондентларнинг 91,2 фоизи ярашиш муддати берилганини, аммо стандарт олти ой етарли бўлмаганини маълум қилган. Ушбу тадқиқотни очиқ манбалардан топиш имкони бўлмади.

Тадқиқотлар шуни ҳам кўрсатмоқдаки, ажрашишларнинг катта қисми никоҳнинг дастлабки йилларига тўғри келади. Мамлакат бўйича ажрашишларнинг 38 фоизи (15022 та) — бу беш йилдан кам бирга яшаган оилалар.

Ҳудудлар кесимида: Сирдарё вилоятида — 66%, Жиззахда — 50%, Қашқадарёда — 46%, Бухорода — 45%, Фарғонада — 41%, Навоийда — 40%, Тошкент вилоятида — 39%, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида — 38% дан, Наманганда — 37%, Самарқандда — 33%, Андижон ва Сурхондарёда — 29% дан, Қорақалпоғистонда — 22%.

2025 йилда қайд этилган ажрашишларнинг 12537 таси ёки 27 фоизи 30 ёшгача бўлган оилалар ҳиссасига тўғри келган. Сўровда қатнашганларнинг 34,3 фоизи никоҳнинг биринчи йилида ажрашишни тақиқлаш ғоясини қўллаб-қувватлаган, дейилади тушунтириш хатида.

Қонун лойиҳаси, шунингдек, никоҳ шартномаси мазмунини кенгайтиришни назарда тутади — унга нафақат мулкий, балки болаларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ва уларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, ота-оналарнинг ўзаро келишуви асосида уларни тарбиялаш ва таълим бериш масалаларини ҳам киритиш мумкин бўлади.

Хусусан, ота-оналар алоҳида яшаган тақдирда болаларнинг яшаш жойи, боладан алоҳида яшовчи ота (ёки она) томонидан ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби, шунингдек, вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент миқдори ва тўлаш тартиби ҳақида келишиб олишлари мумкин.

Шунингдек, томонларнинг келишувига кўра, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож болалар таъминоти масалалари, шунингдек, никоҳдан ажратилгандан кейин собиқ эр (хотин)га тўланадиган алимент миқдори ва тартиби белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Президент фармони билан Ўзбекистонда мустақил ва бунга тайёр бўлган жуфтликларнинг никоҳ қуришини рағбатлантириш режалаштирилган эди. 2027 йилдан бошлаб, ҳар икки томон камида 21 ёшга тўлиб, илк бор никоҳга кирган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча имтиёзлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда никоҳларнинг 40 фоизи 18-19 ёшдаги инсонлар ўртасида тузилмоқда.