Netflix Warner Bros. компаниясини сотиб олмоқда: кўнгилочар соҳада янги давр

Netflix ва Warner Bros. Discovery (WBD) компаниялари тарихий келишувга эришганларини эълон қилишди. Унга кўра, Netflix дунёга машҳур Warner Bros. киностудиясини, шунингдек, HBO ва HBO Max платформаларини ўз таркибига қўшиб олади.

Келишувнинг асосий тафсилотлари:

  • Битим қиймати: Тахминан 82,7 миллиард доллар деб баҳоланмоқда.
  • Муддати: Жараён 2026 йилнинг учинчи чорагида, WBD таркибидаги айрим бўлинмалар алоҳида компанияга ажралиб чиққандан сўнг якунланиши кутилмоқда.
  • Мақсад: Икки гигантнинг бирлашиши натижасида томошабинлар учун мисли кўрилмаган контентлар базаси яратилади.

Эндиликда «Катта портлаш назарияси», «Тахтлар ўйини», «Гарри Поттер» ва DC коиноти фильмлари каби афсонавий асарлар Netflix портфолиосидан жой олади.

Netflix раҳбариятининг таъкидлашича, Warner Bros. компаниясининг юз йиллик тажрибаси ва Netflix’нинг инновацион технологиялари бирлашиши кўнгилочар соҳани янги босқичга олиб чиқади. Бунда Warner Bros.’нинг ҳозирги фаолияти, жумладан, фильмларни кинотеатрларда намойиш этиш анъанаси ҳам сақлаб қолинади.

Ушбу трансформация соҳадаги ижодкорлар учун янги имкониятлар яратади, томошабинларга эса сифатли ва хилма-хил контентдан баҳраманд бўлиш имконини беради. Discovery Global бўлинмаси (CNN, Discovery ва бошқалар) эса алоҳида мустақил компания сифатида ўз фаолиятини давом эттиради.