SOCAR билан лойиҳа Ўзбекистонга нефть маҳсулотлари импортидан воз кечиш имконини беради — «Ўзбекнефтгаз»

«Ўзбекнефтгаз» нефть-газ компанияси тизимида 10 млрд доллардан ортиқ қийматга эга бир нечта лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда компания бошқаруви раиси Баҳодиржон Сиддиқов 2025 йил 5 декабрь куни Ўзбекистондаги янги энергетика объектларини ишга тушириш маросими доирасида «Ўзбекистон 24» каналига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, асосий йўналишлардан бири Озарбайжон давлат нефть компанияси SOCAR билан Қорақалпоғистоннинг Устюрт минтақасида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш бўйича лойиҳани амалга ошириш.

«Биринчи босқич доирасида дала ишларини бошлаяпмиз, сейсмоқидирув ишлари старт олади. Амалий ҳаракатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларининг топшириқларига мувофиқ жадаллашмоқда. Биз бу лойиҳадан катта умиддамиз. Учта сценарий ҳисоблаб чиқилган ва ҳатто минимал сценарийда ҳам бу нефть маҳсулотлари импортидан воз кечишга ёрдам беради», — деди Баҳодиржон Сиддиқов.

Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов Устюрт минтақасида углеводородларни қидириш ва кейинчалик қазиб олиш бўйича «жуда жиддий сейсмик ишлар» бошланишини тасдиқлади.

2025 йил декабрь ойи бошида Тошкентда Ustyurt Operating Company қўшма корхонасининг офиси очилди. У июль ойида SOCAR, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» томонидан имзоланган Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим (МТТ) доирасида геология-қидирув ва қазиб олиш ишларини олиб боради. Ҳужжат Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирғори, Харой, Қорақалпоқ ва Кулбой инвестиция блокларини қамраб олади.

МТТга кўра, қидирув-разведка ишларини, шунингдек, камида битта қидирув қудуғини бурғулашни 5 йил ичида якунлаш режалаштирилган. Бу давр мобайнида SOCAR оператор сифатида иш юритади.

«Ўзбекистон 24» телеканали маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳар йили 2 млн тоннагача нефть ва нефть маҳсулотларини импорт қилади. Таъминотнинг аксарияти Россиядан тўғри келади. 2024 йилда нефть ва нефть маҳсулотлари импорти 1,97 млрд долларни ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 22,2% кўп.

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг 11 ойида импорт 1,42 млрд долларни ташкил этди (2024 йил январь-ноябрига нисбатан +6%), бу ҳажмнинг 500 млн доллари дизель ёқилғисига (+70%), 441,7 млн доллариэса бензинга (+14,3%) тўғри келади.

2023 йил ноябрь ойида Термиздаги йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги йирик саноат лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида гапирган эди. Ўшанда Бойсундаги газ-кимё мажмуасининг ишга туширилиши ва геология-қидирув ишларини кенгайтириш Ўзбекистоннинг 2-3 йил ичида нефть мустақиллигига эришишига олиб келиши кутилаётганди.

Saneg компанияси синтетик нефть, газ ишлаб чиқариш ва электр энергияси генерация қилиш учун сланец рудасини қайта ишлашни йўлга қўйишни режалаштирганди. 2024 йил охиригача айланма қайнаш қатлами (АҚҚ-1500) технологияси асосида 4 та қурилма ишга туширилиши кутилганди.