Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/01/2026

«Навруз» («Янги ТТЗ») бозори ва унинг «Бўз бозор» филиали реконструкция қилинади

«Навруз» бозори (Гулсанам кўчасида жойлашган «Янги ТТЗ» номи билан машҳур) ва унинг «Бўз бозор» филиали («Буюк ипак йўли» метро бекати яқинида) замонавий талаблар асосида реконструкция қилинади, деб хабар берди Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

Мақсад — яширин савдо кўламини қисқартириш ва бошқарувнинг замонавий механизмларини жорий этиш, дея қайд этди маъмурият. Куни кеча Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Ўрманов ва туман ҳокими Баҳодир Гаибназаров ҳамда бошқа мутасаддилар бозорлар фаолияти ва реконструкция режалари билан танишдилар.

Хабар қилинишича, бозорлар босқичма-босқич рақамлаштирилади, замонавий инфратузилма ҳамда барча иқтисодий, молиявий ва назорат жараёнларини мувофиқлаштирувчи махсус вазиятлар маркази ташкил этилади.

Реконструкция натижасида солиқ базасининг кенгайиши ва маҳаллий бюджет даромадларининг ошиши, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилиши, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши ва қонунийликнинг мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда саволлар пайдо бўлгач, туман ҳокимлиги бозорлар бузилиб, қайтадан қурилмаслигига аниқлик киритди. Реновация ишлари доирасида босқичма-босқич замонавий инфратузилма яратиш, савдо расталарини, кириш гуруҳларини, йўлак ва зиналарни таъмирлаш, шунингдек, пиёдалар ҳудудларини ободонлаштириш ва видеокузатув камераларини ўрнатиш режалаштирилган.