
«Навоийуран» давлат корхонаси илк бор Лондон фонд биржасида 300 млн АҚШ доллари миқдорида еврооблигацияларни жойлаштирди, дея хабар берди компания матбуот хизмати.
Корхона маълумотларига кўра, купон ставкаси 6,7%ни ташкил этган — бу жорий йилда Ўзбекистон эмитентлари орасидаги энг паст ставкадир.
Еврооблигацияларни чиқариш тўғрисидаги қарор 2025 йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида, инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни ошириш чоралари муҳокама қилинган вақтда қабул қилинган эди.
Чиқаришга тайёргарлик кўриш учун корхонага S&P Global Ratings ва Fitch Ratings халқаро агентликлари томонидан BB- даражасида (прогноз «барқарор») кредит рейтинглари берилган. 2025 йил апрель ойида Sustainable Fitch агентлиги компаниянинг ESG-профилини учинчи класс даражасида — 55 баллга баҳолади.
Чиқаришнинг андеррайтерлари сифатида CITI, Abu Dhabi Commercial Bank ва Natixis иштирок этди. Молиявий маслаҳатчи этиб Finasia Capitals, юридик маслаҳатчи этиб Dentons халқаро компанияси танланди, аудитни Deloitte ўтказди.
2025 йил 23-24 июнь кунлари Лондонда «Навоийуран» вакиллари 64 та йирик халқаро инвесторлар билан учрашувлар ўтказдилар, уларда «Янги Ўзбекистон» концепцияси доирасидаги ислоҳотлар, 2022-2024 йилларда корхонанинг трансформацияси ва келгуси ривожланиш режалари ҳақида сўзлаб беришди.
Компаниянинг таъкидлашича, «инвесторларнинг юқори қизиқиши ставкани пасайтириш имконини берди»: режалаштирилган 7,25%-7,375% диапазонида якуний ставка 6,7% даражасида қайд этилди. 93 нафар инвестор томонидан берилган аризалар ҳажми 1,3 млрд доллардан ошди — бу режалаштирилган ҳажмдан 4,3 баравар кўпдир.
Чиқариш ҳисобидан жалб қилинган маблағлар ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, уран захираларини тўлдириш, транспорт ва технологик паркини ривожлантириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
World Nuclear Association маълумотларига кўра, Ўзбекистон уран етказиб бериш ҳажми бўйича дунёда 5-ўринни эгаллайди. Ҳозирда экспортдаги асосий ҳамкор Франция Orano компанияси орқали, шунингдек Жанубий Корея ва Хитой ҳисобланади. Франциянинг Orano ва Ўзбекистоннинг «Навоийуран» томонидан ташкил этилган Nurlikum Mining қўшма корхонаси йил охиригача Ўзбекистонда уран қазиб олишни бошлашни режалаштирмоқда. Жанубий Жангелди кони аллақачон ишга тушириш босқичига яқин.
2023 йилда, S&P Global таҳлилчиларининг баҳолашича, Ўзбекистондан ураннинг умумий экспорти 450 млн доллардан ошди, бу 2022 йилги кўрсаткичдан 28%га кўпдир.
3 йил аввал корхона 2030 йил охиригача янги ер остида ишқорлаш технологияларини жорий этиш ва геологик қидирув ишларини кенгайтириш ҳисобига уран ишлаб чиқаришни 2 баравар — йилига 7100 тоннагача оширишни режалаштираётганини эълон қилган эди.